Оқилжон Ғофуров – Инсон бугун ва эртага… (страница 4)
Тун гўё осуда ўтмоқда. Бирор хавф-хатардан нишона йўқ, Грендель қайларгадир гумдон бўлгандек. Шу боисми, бироз хотиржам тортган соқчи-ясовуллар ихтиёрини бирин-кетин ширин уйқуга топширди. Алланечук ҳиссиётлар измида ҳушёрликни қўлдан бермаётган хилватдаги ёлғиз Халдоур ҳам азбаройи толиққанидан ғайришуурий равишда мижжаларини юмди ва… абадий уйқуга кетди.
Бу асно нафси ҳакалак отган одамхўр Грендель тубсиз ботқоқлик қаъридан шалоп-шулуп юзиб чиқиб, ер юзига кўтарилди-да, ими-жимида судралиб, одамлар яшайдиган маконга тобора ёвуқлашиб келаверди. Ҳолбуки, очофат махлуқ зимистон кечанинг айни лаҳзаларида энг сергак соқчилар ҳам ғафлат уйқусига асир бўлишини равшан англаб етганди. Ҳар қалай, Грендель оҳиста яқинлашиб келиб, қалқон ва найзасини мармар деворга суяб, шундоққина майса устида пишиллаб ухлаб ётган боёқиш соқчи-аскарни томоғидан хиппа бўғди-да, жони узилгач, қонини ҳузур қилиб сўра бошлади. Сўнг, гўштларини бурдалаб, ҳалқумига тиқа бошлади. Нафси қонмагач, хиёл нарироқда ухлаб ётган одам боласини ҳам иштаҳаси карнай бўлиб, емоқчи бўлиб турганди ҳамки, дафъатан метиндек қаттиқ қўллар махлуқнинг елкаларидан куч билан чангаллаб олди.
Илкис одамхўр махлуқнинг ғазаби қайнади: ким экан у, мен билан олишмоққа юраги довлаган жонзот?! Дунёда ҳали менга бас келадиган қудратли куч йўқ! Магарда паймонаси тўлган биронта ахмоқ бўлса, бешбадтар бўлсин – бир зарб билан мажақлаб, суякларигача қолдирмай, ғажиб ташлайман!
Дарғазаб Грендель шахд силтаниб, рақибига юзма-юз бўлди ва бутун вужуди алланечук ҳиссиётлар залворидан зирқираб, чунонам музлаб кетди. Эвоҳ, унинг қаршисида нигоҳлари қаҳр уфураётган, бақувват билакларида адоқсиз куч-қувват ўйноқлаётган, мушаклари йўғон, ҳайбатли паҳлавон ғолибона кўкрак кериб турарди! Бу – «одам-бўри» Беовульф эди!
Дарвоқе, ботқоқликни тарк этар чоғи онаси Люцифера Гренделга бот-бот насиҳат қилиб эди: «Ҳар нечук, ҳушёрликни йўқотма, болам. Негадир шу сафар юрагим қаттиқ безовта бўляпти. Хаёлимда ўлгур Беовульф тўсатдан пайдо бўлиб, сенга заҳмат етказадигандай туюлаяпти…»
Махлуқвачча чуқур таажжубга ботди: «Ваҳ, онажон, асти қизиқ гапларни гапирасан-а! Туриб-туриб, кулгим қистайди, шайтоним қўзиб кетади! Ҳе-ҳей, бу дунёда сен-у менга бас келадиган қудратли куч йўқ. Биз борлиқда абадий ҳукмронлик қиламиз! Бузамиз, вайрон этамиз, одамларнинг қонини сўриб, гўштини еймиз! Сен эса, ғашимга тегиб, қаёқдаги номинг ўчгур Беовульфни ҳадик билан тилга олиб, дағ-дағ қалтираяпсан. Ким экан у, лаънати Беовульф деганинг занғар?»
Онаси маъюсланди ва чуқур хўрсиниб қўйди. «Қизиққонлик қилмай, яхшилаб қулоқ тут, болам, – деди бошини сарак-сарак тебратиб, – хоҳлаймизми-йўқми, ер юзида иккита қарама-қарши куч мавжуд. Ҳамонки биз оламни зулмат қўйнида кўриб, ҳар қанча ёвузликлар қилмайлик, эзгулик деган қарши кучлар ҳам бир чеккада жимгина қараб турмайди. Эса, ёруғлик ва эзгулик йўлимизга ҳамиша ғов-тўсиқлар қўяверади. Беовульф – қудратли рақибимиз, мангу эзгулик тарафдори. Ростини айтсам, у наинки сен билан мени, балки ер юзидаги барча зулматдош қавмларимизни-да маҳв этмоққа, тилка-пора қилмоққа қодир! Ҳазир бўлайлик, ҳазир бўлайлик!..»
Воқеан, қўшни шведлар юртининг жанубий ерларида геотлар қабиласи яшарди. Қирол Хротгар саройидаги машъум воқелик бундаги аҳолини қаттиқ қайғуга солди. Бутун мамлакат бўйлаб «Гренделга ўлим!», «Одамхўр махлуққа ўлим!» деган ҳайқириқлар янграрди. Ваҳоланки, ёвуз одамхўрнинг боши янчилмас экан, геотлар қабиласига ҳам ором-осудалик йўқ! Ҳайҳот, одамзод бошига қирғин келтираётган ўшал ваҳшатли кучга мардона қамти борадиган паҳлавон борми ўзи оламда! Акс ҳолда, геотлар қабиласи ҳам Гренделга битта қолмай ем бўлиб, ер юзида қабоҳат ва зулмат абадиян тантана қилурми, эйвоҳ!..
Геот қироллигида истиқомат қилаётган, баҳодирлиги билан тилларда достон бўлган жасур Беовульф мусибатдан хабардор бўлиб, интиқом ўтида ёнди; жисмида илкис илоҳий куч-қувват, ғайрат-шижоат ҳис этди. Адолат Тангрисидан мадад тилаб, довюрак сафдошлари билан шошилинч равишда кемага тушди. Денгиз орқали қўшни ўлка томон жадал сузиб кетди…
Интиҳо, икки ўртада даҳшатли олишув бўлди. Ўзини енгилмас деб ҳисоблаган Грендель баҳайбат Беовульфнинг бартараф этиб бўлмас зилдек зарбаларига бардош бера олмади. Қовурғалари синиб, суяк ва пайлари залворли муштлар зарбидан қарс-қурс мажақланиб кетди. Фалокатни қарангки, қарши зарбага чоғланганди ҳамки, Беовульф эпчил ҳаракат билан юқорига даст кўтариб, андоғ ерга қапиштириб урдиким, оғриқнинг зўридан махлуқ ўкириб-ўкириб юборди. Паҳлавон Беовульф шу заҳоти ҳолдан тойган одамхўрнинг кўкрагига оёқ босиб, ғолибона наъра тортди-да, исқирт Гренделнинг ўнг қўлини елкасидан шарт суғуриб, узиб ташлади! Одамхўр махлуқ чунон ўкирди, чунон ўкирдики, атроф-теварак ларзага келди. Силласи қуриган мажруҳ Грендель жон ҳовучлаб судрала-судрала, базўр ботқоқликка етиб олди. Дабдаласи чиққан майиб-мажруҳ боласининг аянч аҳволига разм солиб, тасқара она Люцифера дафъатан увлаб юборди, фиғони фалакка чиқди. Вужудидаги ваҳший ҳиссиётлар жунбушга келиб, эртасига қоронғу тунда Хротгар одамларига қирғин келтириб, чалажон боласи учун шу равиш ўч олган бўлди. Йўлида дуч келган одам боласини аямади. Ўткир сўйлоқ тишларини инсон баданига ғарчча-ғарчча ботириб ташлайверди. Шу йўсин Беовульфдан интиқом олган бўлиб, мамнун кайфиятда изига қайтди. Қирол саройида эса, қий-чув, қиёмат қўпди. Галдаги мудҳиш воқеадан қалби лазага келган жасур Беовульф шу ҳақиқатни тугал англаб етдики, қаттол ёвузлик доясининг мурдор боши гар янчилмас экан, дунёда адолат қарор топиши душвор!
Паҳлавон Беовульф кўкка илтижо қилиб, Тангридан мадад сўради. Баногоҳ бутун мавжудиятига илоҳий бир куч ёғилди. Алҳол музаффарона наъра тортиб ҳайқирди-да, қурол-аслаҳаларини шайлаб, хавфли ботқоқлик қаърига шўнғиди. У ўз фикрида асло янглишмабди: жирканч одамхўр-махлуқлар бадбўй ботқоқликнинг энг тубида, энг зимистон, энг қўланса қатламида нафас оларкан. Муросасиз ҳарбу зарб билониҳоя давом этди.
Алоҳа, қудратли Беовульф ёвузликнинг дояси ва боласини буткул маҳв этиб, палид каллаларини ўткир ханжар билан кесди-да, қирол Хротгар саройига келтирди. Саройдаги эл-улус бу кун шодон кайфиятда: бахтиёр чеҳраларда озод туйғулар, эрк нашидаси тантана қилди. Мусаффо осмонда кабутарлар хушҳол қанот қоқиб, тинчлик қўшиғини куйлай бошлади. Чор-атрофдан музаффар Беовульф шарафига олқиш овозлари янграй бошлади:
– Яшасин халоскоримиз баҳодир Беовульф!
– Ёвуз кучларга ўлим! Даф бўлсин йиртқич одамхўрлар!
– Яшасин озодлик, ҳурлик!…
Озодлик ва эрк насимлари ичра таҳсин-олқиш овозлари поён билмасди. Эртасига «Буғу қасри”да халоскор қаҳрамон шарафига шоҳона зиёфат уюштирилди. Шодумон қирол Хротгар Беовульфга қимматбаҳо совғалар, зарбоф кийимликлар туҳфа этиб, ҳашаматли кемада ўз ватанига катта тантана билан кузатиб қўйди…
***
Даҳшатли аждарҳо оғзидан устма-уст ер юзига олов пуркар экандам-бадам: ,
– Грендель учун, Люцифера учун, ёвузлик қурбонлари учун! – дея гулдурос солиб, қаҳ-қаҳ отарди. У шу тахлит ора-сира ерга қўниб, куч-мадор йиғар ва яна кўкка парвоз этиб, заминга олов пуркашда, одам болалари бошига кулфат-мусибат ёғдиришда давом этарди. Замин юзидаги ям-яшил ўт-ўланлар, ҳатто қулоч сиғмас дов-дарахтлар ҳам қуриб-қовжирай бошлади. Юртда мисли кўрилмаган қаҳатчилик, қурғоқчилик бошланди, одамлар нобуд бўла бошлади. Оловпуркар Маммон аждарҳо эса кўкда ҳамон гулдурак соларди:
– Ҳо-ҳо-ҳо! Куйдираман, ёндираман, қовжиратаман! Эзгуликни маҳв этаман! Ер юзида ёвузлик абадиян тантана қилур! Мени ҳалок этадиган куч йўқ дунёда!..
Ҳайҳот, шу асно бурқсаб ётган ер юзасининг қай бир бурчидан нимадир лаънати буюм визиллаб учиб келиб, нақ томоғига ғарчча санчилди! Ҳис этсаки, учи ўткир ингичка темир жисм экан лаънати! Жисмида кучли оғриқ сезган аждарҳо андоғ иҳраб юборди, кўз олди қоронғулашиб, парвозда мувозанатини буткул йўқотди ва шувиллаб ерга қулай бошлади. Аксига олиб, ўткир тиканакли сассиқ алафлар усига гурсиллаб тушди. Суяк-қовурғалари синиб, мажақ-мажақ бўлди. Боз устига, куйиндидан ҳосил бўлган чидаб бўлмас ачқимтир ҳид димоғини жаз-жаз куйдирди. Атроф қуюқ туман ичида қолгандек, кўзига ҳеч нима кўринмас эди.
– Ҳо-ҳо-ҳо! Яшасин эзгулик, битсин ёвузлик!..
Ажабо, атроф-оламни ларзага солган бу ҳайқириқ қайдан келди, қайси жонзот овози бўлди?!
Дабдурустдан талвасага тушган аждарҳо ўзини ўнглаб улгурмай, елкасига учи ўткир йўғон темир шундай зарб билан санчилдики, жон аччиғида ўкраб-ўкраб юборди. Ҳаял ўтмай, ер юзасини қоплаган ачқимтир дуд тарқалди, дафъатан ҳамма ёқ ёришиб кетди ва рўпарасида ғолиб одамзод пайдо бўлди. Бир қўлида қалқон, бир қўлида ялтироқ қилич! Бошида дубулға, эгнида совут! Ўткир нигоҳларида, юз-кўзларида бешафқат қасос туйғулари ўт пуркар эди! Маммон аждарҳонинг вужуди илкис қўрқинч туйғулардан бир қалқиб тушди – Беовульф!..