Марк Мэнсон – Бепарволикнинг нозик санъати (страница 5)
Ушбу ҳақиқатлардан бири қуйидагича эди: ҳаётнинг ўзи, аслида, азоб-уқубатдир. Бой бойлиги туфайли қийналади. Камбағал қашшоқлигидан озорланади. Ёлғиз инсонлар оиласи йўқлиги боис азобланса, оилали одамлар ўз оиласи сабаб қийинчиликка йўлиқади. Дунёвий лаззатларни излаган кимсалар айнан мана шундай лаззат туфайли машаққат чекади. Дунё лаззатларидан тийилувчи инсонлар шу тийилиш сабаб азобланади.
Барча азоб-уқубатларни бир хил деб бўлмайди. Айрим уқубатлар бошқаларига қараганда бир неча карра оғирроқ. Бироқ ҳамма қайсидир маънода азоб-уқубат чекиши бор гап.
Орадан йиллар ўтиб, ўша шаҳзода ўз фалсафасини яратиб, оламга ёяди. Ушбу фалсафанинг бирламчи ва асосий ғояси қуйидагича янграйди: “Азоб-уқубат ва йўқотишлардан қочиб бўлмайди. Уларга қарши туришга уринмаслик керак.” Ўша шаҳзода кейинчалик Будда номи билан дунёга танилади. Агар у ҳақида эшитмаган бўлсангиз, сизни ишонтириб айтаманки, у буюк инсон бўлган.
Бизнинг кўплаб ғояларимиз ва идрокимиз асосида муайян бир ишонч мавжуд. Бу ишончга кўра Ҳарвард университетига кириш ёки лего ўйинчоғини йиғиш сингари бахтни ҳам алгоритмлаш мумкин. Унга кўра, агар Хга эришсам, Y каби кўринсам, Zга ўхшаган инсон билан яшасам бахтли бўламан.
Шу ишончнинг ўзи муаммодир. Бинобарин, бахт бу ечиладиган математик тенглама эмас. Қаноатсизлик ва хавотир инсон табиатидаги ажралмас унсурлардир. Улар инсон бахтини ташкил қиладиган зарурий ҳодиса ҳисобланади. Будда бу борада илоҳий ва фалсафий нуқтаи назардан фикр юритган. Мен ҳам бу бўлимда шу ҳақида фақат биологик жиҳатдан гапираман. Бунда бизга пандалар ёрдам беради.
Ҳафсалани пир қилувчи панда саргузаштлари
Агар мен супер қаҳрамон ярата олганимда ҳафсалани пир қилувчи пандани ўйлаб топардим. У кўзига ялтироқ ниқоб тақиб, бесўнақай қорнига анча кичкина майка (ўртасида катта Т ҳарфи туширилган) кияди. Унинг супер қудрати одамларга аччиқ, лекин улар эшитиши керак бўлган ҳақиқатни айтишдан иборат бўлади.
Панда худди идиш-товоқ сотувчиси сингари эшикмаэшик юриб, кишиларга ёқимсиз нарсалар ҳақида гапиради. Масалан, дейлик, эшикни қоқиб, қаршисида турган одамга қараб: “Шубҳасиз, кўп пул топиш сизга ҳузур бағишлаши мумкин, лекин пул фарзандларингизни сизни севишга мажбурлай олмайди,” ёки “агар сиз “хотинимга ишонаманми?” деб ўзингиздан сўраган бўлсангиз, демак, ишонмас экансиз,” ёки “Сиз “дўстлик” деб атаётган иш, аслида, одамларни ҳайрон қолдиришга қаратилган уринишдан ўзга нарса эмас,” дейди. Шундан кейин уй соҳибига хайрли кун тилаб, кейинги эшикни қоқишга йўл олади.
Бу иш бир вақтнинг ўзида ҳам ажойиб, ҳам оғир, ҳам ҳазин, ҳам ишонарли ва керакли бўларди. Нима бўлганда ҳам, очиқ ҳақиқатларни тинглаш жуда ёқимсиз.
Ҳафсалани пир қилувчи панда ҳеч ким хушламайдиган, бироқ барча учун керакли супер қаҳрамон бўларди. Унинг сўзлари биз истеъмол қилаётган маънан сохта таомлардан кейин парҳез мева сингари жонимизга хуш ёқади. Панда ўз ҳақиқатлари билан тушкун ҳолатга туширса-да, ҳаётимизни яхшиларди. У бизни бўлакларга ажратиб ташлаш орқали кучимизга куч қўшар ва зулматни кўрсатиш билан келажагимизни ёрқинроқ қиларди. Панданинг гапларига қулоқ тутиш кишида сюжет охирида ижобий қаҳрамон ўладиган фильмни томоша қилгандай таассурот қолдирган бўларди. Гарчи фильм ўз хотимаси билан сизни маҳзун қилган бўлса-да, у реал ва ҳақиқий туюлгани учун уни янада кўпроқ яхши кўрган бўлардингиз.
Келинг, бугун мен шу панданинг ниқобини кийиб, сизга ёқимсиз ҳақиқатлар ҳақида сўзлаб берай.
Одамлар қайғуриш биологик жиҳатдан фойдали бўлгани учун қайғуради. Табиат шу орқали бизни ўзгартиради. Моҳғиятан, инсон ҳамиша маълум даражадаги қаноатсизлик ва хавотир билан яшайди, чунки бундай хусусиятлар одамни олға боришга, яшаш учун курашга ундайди. Биз ўзимизда мавжуд барча нарсага шукр қилмаслик ва ўзимизда йўқ биргина нарса билан қаноат ҳосил қиладиган тартибда яратилганмиз. Мунтазам қаноатсизлик инсон зотини курашадиган, интиладиган, бунёд қиладиган ва забт этадиган мавжудотга айлантирди. Демак, азоб ва бахтсизлигимиз инсон юксалишидаги носозлик эмас, балки ажралмас хусусиятдир.
Оғриқ ва унинг ҳар қандай тури киши организмини ҳаракатга келтирувчи самарали усулдир. Дейлик, оёқ бармоғингизни столга уриб олдингиз. Агар менга ўхшаган бўлсангиз, бундай пайтда авлиёларни йиғлатадиган нохуш сўзларни айтиб бақирасиз. Ёки ҳис қилаётган оғриқ учун безабон буюмни айблаб: “Ярамас, стол,” дейсиз. Бундан ҳам баттари, оғриётган бармоқ интерьер дизайнининг тўғрилигига шубҳа билдиришга туртки бериб: “Қайси тўнка столни бу ерга қўйди? Нима бало?” деб қичқирасиз.
Мавзудан чалғиб кетдим. Урилган бармоқдаги қаттиқ оғриқ, ҳа-ҳа, ўша мен, сиз ва авлиёлар ёмон кўрадиган оғриқ муҳим сабаб туфайли мавжуддир. Жисмоний оғриқ асаб тизимининг маҳсули бўлиб, тескари алоқа ёрдамида у бизга қаерда юриш ва қаерда юриш мумкин эмаслигини англашда ёрдам кўрсатади. Қачонки биз у белгилаган чекловлардан чиқиб кетсак, асаб тизимимиз бу иш учун бизга дакки бериб, уни бошқа қайтармасликка чақиради.
Шу боис қанчалик ёмон кўрсак ҳам оғриқ аслида фойдалидир. Ёш ва эътиборсиз бўлганимизда оғриқ бизни диққат қилишга ўргатади. У биз учун яхши ва ёмон бўлган нарсаларни кўрсатади, шахсий чегараларимизни тушуниш ва амал қилишга ёрдам беради. Ўғриқ туфайли иссиқ печка яқинида туриш ва металл буюмларни розеткага тиқиш хавфли эканлигини тушунамиз. Шу боис оғриқдан қочиш доим ҳам фойдали бўлавермайди, чунки шундай пайтлар бўладики, у инсон учун ҳаёт-мамот масаласига айланади.
Аммо оғриқ фақатгина жисмоний бўлмайди. Буни сериалнинг кейинги фаслини кутиб кун санаган одамдан сўрасангиз, сизга мендан ҳам аниқроқ қилиб таърифлаб беради. Одамзод кучли руҳий изтиробни ҳис қилишга ҳам қодир. Боз устига, тадқиқотларда айтилишича, миямиз жисмоний ва руҳий изтироб ўртасида катта фарқни сезмас экан. Масалан, севган қизим менга хиёнат қилганини эшитганимда кимдир бошимдан совуқ сув қуйиб юборгандай бўлади. Бундай пайтда инсон, эҳтимол, юракка санчилган ханжар оғриғини ҳис қилар.
Жисмоний оғриқ сингари руҳий изтироб ҳам муайян тенгликнинг бузилгани ёки маълум чегарадан чиқиб кетилганига ишора қилади. Руҳий азоб ҳам жисмонийси каби ҳар доим ёмон ёки кераксиз бўлавермайди. Баъзан ҳиссий ёки руҳий оғриқни туйиш саломатлик учун муҳим ва зарур бўлиши мумкин. Худди столга урилган оёқ бармоғидаги оғриқ бизни тўғри юришга ўргатганидек, инкор ва омадсизлик туфайли пайдо бўлган ҳиссий оғриқ келажакда бундай хатоларни такрорламасликка тайёрлайди.
Ҳаётдаги ноқулайлик ва ташвишларга кўз юмаётган жамиятнинг энг катта хатоси шундаки, у оғриқдан олинадиган ижобий жиҳатларни илғамай қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бизни реал борлиқдан узоқлаштиряпти.
Балки, сиз ҳар қандай ташвишдан батамом холи бўлган, эҳтирос ва бахт билан тўлиб тошган ҳаёт ҳақида оғзингиз сувини оқизиб орзу қиларсиз, аммо шу нарса кундай равшан – Ерда муаммолар ҳеч қачон якун топмайди, тугамайди, ниҳоясига етмайди. Мана, ҳафсалани пир қилувчи панда ҳам етиб келди. Гулхан атрофида иккимиз ўтириб хаёл сурдик. Унинг айтишича, ҳаётда муаммолар асло тугамас, лекин уларни ёқимли муаммоларга айлантириш ўз қўлимизда экан. Жаҳондаги энг бой одамлардан бўлган Уоррен Баффетда пул билан боғлиқ муаммолар бор, бироқ бундай муаммо кўчадаги уйсиз тиланчини ҳам четлаб ўтмаган. Шунчаки Баффетда бу муаммо тиланчига қараганда ёқимлироқ. Ҳаёт ҳам шунақа!
“Ҳаёт туганмас муаммолар занжиридан ташкил топган, Марк,” – деди панда ва қўлидаги ичимлигини ичиб, пушти соябонни тўғрилаб қўйди: “Битта муаммони ҳал этиб, бошқа муаммони яратасан.”
Бироз сукунатдан кейин ундан қаердан пайдо бўлиб қолгани, нега биз бу ерда эканлигимиз ҳақида сўрадим.
“Муаммосиз ҳаётдан умидингни уз,” – ғудранди Панда. – “Бундай ҳаёт хомхаёл, холос. Аслан, ҳаёт фақатгина ёқимли муаммолардангина таркиб топиши мумкин.”
Шундай дея у қўлидаги финжонни қўйди, сомбреро шляпасини тўғрилаб, кунботарга қараб равона бўлди.
Бахт муаммоларга ечим топишдан келади
Юқоридаги бобда ёзилгандек, ҳаёт муаммолардан иборатдир. Фитнес зал абонементини сотиб олиш орқали саломатликка оид муаммоларни ҳал қилсангиз, аслида, ўзингиз билмаган ҳолда яна бир муаммони яратган бўласиз. Қандай қилиб дейсизми? Масалан, фитнес залга бориш учун эрталаб уйқудан уйғониш, машқ ускунаси устида қора терга ботгунча югуриш, шундан кейин бутун офисни саситиб ташламаслик учун душ қабул қилиш ва кийимларни алмаштиришингиз керак бўлади. Шуларнинг ўзи ортиқча ташвиш эмасми? Ёки айтайлик, рафиқангиз билан бирга жуда кам вақт ўтказасиз. Ушбу бўшлиқни тўлдириш учун ҳар чоршанба куни у билан ресторанга боришга одатланасиз. Лекин бу қарор муаммони ҳал қилиш ўрнига яна бир муаммони келтириб чиқаради. Энди ҳар чоршанба иккингизга ҳам ёқадиган жой танлаш, овқатга пул сарфлаш ва муносабатларда мана шундай кайфият билан алоқадор муаммолар ҳақида ўйланишингиз керак бўлади.
Муаммолар ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Улар қайсидир маънода ўзгариши ёки ўз даражасини ўзгартириши мумкин, холос.
Бахт – муаммоларга ечим топишдан ҳосил бўлади. Бу ерда калит сўз – “ечим топиш.” Агар муаммолардан қочсангиз ёки ўзингизда бирорта муаммо қолмаган, деб ўйласангиз, у ҳолда ўзингизни бахтсиз этишга шайланасиз. Асосий сир муаммолардан қочиш эмас, балки уларга ечим топишда.