реклама
Бургер менюБургер меню

Элиф Шафак – Ишққа оид 40 қоида (страница 10)

18

– Ҳар бир инсон Муқаддас Қуръонни ўз лаёқатида ва моҳиятга кира олиши даражасида тушуна олади.

Бунда тўрт даража бор. Биринчиси, ташқи даража ва кўпчилик шу даража билан қаноатланади. Иккинчиси, ички даража. Учинчиси, ичкининг ичкиси. Тўртинчиси эса шудай чуқурки, уни сўзлар воситаси ила ифодалаб бўлмайди, шунинг учун уни тафсирлаб ҳам бўлмайди, тафсирланмаганича қолади.

Бутун эътиборни шариатга қаратган уламолар, – кўзлари ялтираб давом этди Шамс, – ташқи маъноларни билишади. Сўфийлар ички маъноларини биладилар. Авлиёлар ичкининг ичкисини биладилар. Тўртинчисини эса, фақат Худога яқин турувчи пайғамбарлар биладилар.

– Сен оддий сўфий Қуръонни илоҳиётчи олимдан чуқурроқ тушунди, демоқчимисан? – сўради қози бармоқлари билан пиёлани чертар экан.

Дарвишнинг лаблари билинар-билинмас кинояли жилмайишга бурилди ва жавоб қилмади.

– Эҳтиёт бўл, биродар, – деди қози.

– Сен айтган гап билан яширин ширк орасида масофа жуда яқин.

Унинг сўзларида таҳдид бор эди, дарвиш буни илғамаганга солди.

– Очиқ ширк нима ўзи? – савол берди у. Жавоб бўлмагач, оғир хўрсинди.

– Рухсатингиз билан бир ривоятни айтиб берай.

Бир куни Мусо пайғамбар ёлғиз ўзи тоғу тошларда кетаётиб бир чўпонга дуч келипти. Чўпон қўлларини осмонга кўтариб, Худога нола қиларди: «Эй Художон, Сен қаердасан, кел, сочларингни битдан тозалай, қулоқларингни тозалаб қўяй, сенга чориқ тикиб берай ва наинки ўз жоним, балки қўйларим, фарзандларим ҳам сенга қурбон бўлсин. Қаердасан, бориб, дастёринг бўлсам, сут, қаймоқларим билан қорнингни тўйдирсам, бошинг оғриса, силаб-сийпасам, юз-кўзингдан ўпсам.

Оёқларингни уқаласам…»

Буларни эшитган Мусо чўпонни койиб кетипти:

«Эй, гумроҳ, тўхта! Сен нималар деяпсан ўзи? Ахир Худо чориқ ҳам, тўн ҳам киймайди, емайди ҳам, ичмайди ҳам, Уни нега ўзингга ўхшатасан. У Қуёш мисоли, сен эса мисоли бир чивинсин…» Чўпон бу гапларни эшитиб хижолатдан уялиб, қаттиқ хафа бўлганча жим қолипти.

Кейин Мусо унга бир нечта дуони ўргатиб, қайтиб кетипти.

Ўша куни кечаси Мусо овоз эшитипти. Бу Парвардигори оламнинг овози эди.

«Эй Мусо, сен нима қилиб қўйдинг? Сен чўпонни мен учун нақадар қадрли эканини билмасдан уни койидинг. У балки қоидага мувофиқ дуо қила олмагандир ҳам, лекин у оташин сўзлаётган эди. Унинг қалби, ниятлари тоза эди. Балки унинг сўзлари сенинг қулоқларингга шаккоклик бўлиб эшитилгандир, лекин Мен учун улар ширин шаккоклик эди».

Мусо (а.с.) ўзи хато қилиб қўйганини дарҳол тушунди. Эртаси эрта билан туриб, тоққа, чўпон билан учрашган ерига борди. Уни топди. Бу сафар чўпон у айтгандай дуо ўқирди. У эҳтироссизгина қилиб, тушунарсиз жумлаларни валдирарди. Қилган ишидан афсусланган Мусо (а.с.) чўпонни елкасидан қоқипти ва

депти: «Дўстим, мен сенга ноҳақлик қилибман. Илтимос, мени кечир. Сен ўзинг билганингдай дуо қил. Худо учун асосийси шу».

Буни эшитиб, чўпон енгил тортипти. Аммо у аввалги ўз дуосига қайтмапти. Лекин Мусо ўргатган дуо ҳам унга маъқул кўринмапти. У Худо билан гаплашмоқнинг бошқа усулини топибди. Чунки Худога беғубор ишқи ёққанидан энди ўзининг аввалги ширин шаккоклиги даражасидан юқорироқ поғонага кўтарилган эди.

– Бундан кўринадики, одамлар Худо билан қандай гаплашишларига қараб ҳукм чиқариш керак эмас экан, – ривоятдан хулоса чиқарди Шамс.

– Ҳар бир инсоннинг ўз йўли ва ўз дуоси бор. Худо биз ҳақимизда айтган сўзларимизга қараб ҳукм чиқармайди. У бизнинг қалбимизга теран назар солади. Қонун-қоидалар (ақидалар) асосий эмас, асосийси, бизнинг қанчалар софлигимиз.

Қозига зимдан назар солар эканман, унинг сокин ва ўзига ишонч билан ўтириши ниқоб эканини, бу ниқоб остига ғазаб яширинганини тушундим. Айни чоғда, ақлли одам сифатида у ўзининг ноқулай вазиятга тушиб қолганини тушунар эди. Қоидага кўра дарвишни қўполлиги учун жазолаш керак эди, лекин у ҳолда бу оддий дарвишнинг қозикалонга қарши гапиришга журъат қилгани ҳаммага маълум бўлиб қолар эди. Шунинг учун ўзини гўё бу ривоятга алоқаси йўқдай, бепарво тутиши афзалроқ эди.

Қуёш бота бошлаган эди. Қози, уни муҳим ишлар кутиб турганини айтиб, ўрнидан турди. Менга бош ирғитиб ва Шамс Табризийга совуқ қараш қилиб, хонадан чиқди. Унинг мулозимлари кетидан эргашдилар.

– Қози сени ёмон кўриб қолди, деб қўрқаман, – дедим мен дарвиш билан ёлғиз қолганимизда.

Шамс сочларини юзидан олиб ташлади ва жилмайиб қўйди:

– О, ҳечқиси йўқ. Мен одамларга камдан-кам ёқаман. Бунга ўрганиб қолганман.

Мени қўрқув босди. Бундай меҳмонлар бизда унча кўп учрамаслигини англаб турардим.

– Сени Бағдодга нима етаклаб келди, дарвиш?

Мен унинг жавобини жуда билгим келарди, лекин, шуниси қизиқки, уни эшитишдан қўрқар эдим ҳам.

Элла

2008 йил, 20 май, Нортгемптон.

Дэвид уйга қайтмаган ўша тунда Элла тушида қорин рақсига тушаётган ялим яланғоч аёлларни ва дарвишларни кўрди; у йўл бўйидаги карвонсаройда овқатланаётган жангари аскарларни ҳам кўрди; уларга гўшт солиб пиширилган сомсалар ва турли ширинликлар солинган ликоплар кетма-кет ташиб келтирилар эди.

Кейин Элла ўзини кўрди. У аллақандай бегона мамлакатда гоҳ ғала-ғовур бозорда, гоҳ қандайдир қўрғонда кимнидир излар эди. Унинг атрофида кўп одамлар аста ҳаракатланар эдилар, улар ҳам аллақандай эшитилмас мусиқа оҳанги остида рақс тушар эдилар гўё.

Элла алланима сўрамоқчи бўлиб, узун мўйлабли семиз кишини тўхтатди, лекин нима сўрамоқчи бўлганини эсидан чиқариб қўйган эди. У киши тушунмай унга қараб қўйди ва нари кетди. Кейин у яна кимлар биландир гаплашмоқчи бўлди, лекин ҳеч ким унга жавоб бермас эди. У аввалига маҳаллий тилни билмаганим учун мени тушунишмаётгандир, деб ўйлади. Лекин кейин қўлини оғзига олиб боргач, даҳшат билан ўзининг оғзи йўқлигини билди. Саросимага тушиб, ўзининг қанчалик ўзгарганини кўриш ва тушуниш учун ҳамма ёққа қараб кўзгу излай бошлади, лекин ҳеч қаерда кўзгу йўқ эди. Кейин Элла йиғлаб юборди ва ғалати товушлардан уйғониб кетди.

У кўзларини очганида, Спирит (ити) зўр бериб орқа эшикни тирмалаётганини кўрди. Бирон ҳайвон пиллапояга чиққан бўлса керак. Ит айниқса сассиқкўзанларни ёмон кўрарди. Ўтган йил қишда улардан бири билан тўқнашиб қолганини ҳалигача эсидан чиқармаган бўлса керак. Ўшанда Элла бир неча ҳафта унга ўрнашиб қолган сассиқ ҳидни кетказиш учун итни чўмилтирган бўлса ҳам, куйган резинканикига ўхшаган бу ҳид сира кетмаган эди.

Элла деворда осилиб турган соатга қаради. Ўн беш минут кам уч. Дэвид ҳамон қайтмаган эди ва балки ҳеч қачон қайтмас. Жанет қўнғироқ қилмади. Қаттиқ умидсизликка тушган Элла унинг қачондир қўнғироқ қилишидан гумонда эди. Эри ва қизи ундан юз ўгирганларидан даҳшатга тушган ҳолда Элла музхона эшигини очди ва бир неча дақиқа у ердаги масаллиқларга кўз югуртирди. Ванилли-олчали музқаймоқ егиси келар эди, лекин семиришдан қўрқиб, нафсини тийди, музхона эшигини кескин ёпиб нари кетди.

Қизил виноли шишани очди. Бу енгил, унга ёқадиган аччиқ-чучук таъмлар аралашган, яхши вино эди.

Фақат иккинчи қадаҳни тўлдираётганида Элла Дэвиднинг қимматбаҳо «Шато Марго 1996» бордосини очиши ҳам мумкинлигини ўйлаб қолди. Нима қилишини билмай, нохушлик билан шишага қараб қолди.

Кун бўйи чарчаган ва юрган йўлида уйқуси келиб турган Элла электрон почтасига ҳам бир назар солиб қўймоқчи бўлди. Ўндан ортиқ кераксиз хабарлар орасида Мишелнинг қўлёзмани ўқиш бўйича ишлар қандайлиги ҳақидаги саволи ва Азиз 3. Захарадан келган хат бор эди.

Азизам Элла (Сизни шундай аташимга рухсат этсангиз, албатта)!

Хатингиз менга Гватемаланинг Моностенанго, деб аталган қишлоғидалигимда етиб келди. Бу одамлар ҳамон майя календарига риоя этиб келаётган камдан-кам жойлардан бири. Мен қўнган меҳмонхонанинг нақ рўпарасида хилма-хил ранглардаги юзлаб мато парчалари билан безанган хоҳиш-истаклар дарахти кўриниб турипти. Уни бу ерда чилпарчин бўлган (парчаланган юраклар) дарахти деб аташади. Юраклари чил-чил бўлган одамлар, синган юракларига шифо истаб, илтижо қилган ҳолда мато бўлагига ўз исмларини ёзишади ва дарахт шохларига осиб қўйишади.

Сизнинг e-mail ингизни ўқигач, менинг шу дарахт ёнига келиб, Сиз билан қизингиз ярашиб кетишингизни тилаб, дуо қилганим Сизга нисбатан унча катта беҳурматлик бўлиб кўринмас, деган умиддаман. Зеро, муҳаббатнинг бирон учқуни ҳам увол кетмаслиги керак, чунки Румий айтганидек, муҳаббат – тириклик чашмасидир.

Ўтмишда менга бир нарса ёрдам берган эди. Мен атрофимдаги одамларга улар ўзлари истаганларидай яшашларига халал беришдан, уларни ўзгартира олмаганимдан, руҳан эзилишлардан ўзимни тўхтатдим.

Агар рухсат этсангиз, Сизга (бошқа инсонлар ҳаётига) аралашишдан кўра (бошга тушган ишларга) ризолик вазиятида бўлишни маслаҳат берган бўлардим.

Баъзилар «ризоликни» (мўминликни) «заифлик» деб тушунар эканлар, улар катта хатога йўл қўядилар,

ваҳоланки, заифликнинг бунга мутлақо алоқаси йўқ.

Ризолик (мўминлик) инсоният бир жамоа бўлиб яшаши шартларини тинчлик билан (қаршиликсиз) қабуллаши шакли бўлиб, бунга биз ҳозирда ўзгартира олмайдиган ёки тушуна олмайдиган барча вазиятлар ҳам киради.

Майя жадвалига кўра, бугун яхши кун. Астрологиявий ўзгаришларнинг кўпи энди содир бўлади ва улар инсонларда янги онг шаклланаётганидан дарак бермоқда.

Мен бу хатни қуёш ботмасидан олдин, яъни бугунги куннинг охирига қолмасдан етказишга улгуришим керак.

Ишқ кутмаган вақтингизда ва кутмаган ерингизда Сизни тутиб олади.

Сизга самимият ила Азиз.