Дэн Браун – Рақамли қалъа (страница 8)
– Ҳеч қандай вирус йўқ, эшитсангчи мени, Сьюзан, – Стратмор бироз асабийлашди.
Қизнинг боши ғовлаб кетди. Аппаратда носозлик бўлмаса, вирус тарқалмаган бўлса, гап нимада бўлиши мумкинлигига ақли етмаётганди.
– Сьюзан, – командор оҳиста гап бошлади. – Буни қабул қилишинг қийин бўлади, лекин бир дақиқа менга қулоқ сол. Трансхабар жавобини топишга уринаётган код биз шу вақтгача учратган кодлардан бутунлай бошқача. Олдин бунақасига дуч келмаганман. Бу кодни ечиб бўлмайди.
Флетчер унга қараб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбораёзди:
– Ечиб бўлмайди? Бу нима дегани? Баъзи кодлар ҳақиқатанам узоқроқ вақт олиши мумкин, лекин эртами, кечми машина барибир бир тўхтамга келарди. Нима демоқчилигингизни англамадим, жаноб.
– Бу кодни ечиб бўлмайди, – афсус билан сўзларини такрорлади командор.
Ечиб бўлмайди? Сьюзан код таҳлили бўйича йигирма етти йиллик тажрибага эга одам оғзидан чиққан бу гапга асло ишонолмасди.
– Командор, Бергофский қонуничи?
Бергофский тамойили ҳақида Сьюзан криптограф сифатида янги иш бошлаган кезлари билганди. Бу қонунга мувофиқ агар компьютер кераклича калит сўзларни синаб кўрса, улар орасидан тўғрисини топиши исботланганди. Компьютер тўғрисини тополмаса, бунга сабаб коднинг ўта ҳимоялангани эмас, машинага ишни бажариш учун етарлича вақт берилмаганида бўларди. Бу қонун код ечишдаги «шафқатсиз ҳужум» усулининг тамал тоши эди. Айнан шу тамойил Стратморга Трансхабарни қуриш учун илҳом бағишлаганди.
Командор яна бош чайқади:
– Бу код бошқача деяпман-ку.
– Бошқача? – қизнинг кўзларида савол қотиб қолди. Ечиб бўлмас код мавжуд бўлиши математик эҳтимолдан бутунлай йироқ эди. Командор буни жуда яхши биларди.
Стратмор чаккасидаги тер томчиларини қўли билан сидириб ташлади ва тушунтиришга киришди:
– Бу кодни бизга бутунлай нотаниш энг сўнгги русумдаги шифрлаш алгоритми ёзган.
Сьюзаннинг шубҳаси янада ортди. Шифрлаш алгоритмлари шунчаки, матнни кодга айлантиришга хизмат қилувчи математик формулалар эди холос. Дастурчилар ҳар куни янги алгоритмларни яратарди. Техника дўконларидан уларнинг PGP, ZIP, IDEA каби юзлаб турини топиш мумкин эди. Трансхабар бундай алгоритмлар ёзган кодларнинг барчасини ҳеч қандай муаммосиз синдириб келган. Машина учун шифрни қайси алгоритм тузгани аҳамиятсиз эди.
– Мен тушунмаяпман, жаноб, – Сьюзан эътироз билдирди. – PGP, Люцифер, DSA – фарқи йўқ, ҳар бир алгоритм ўзи хавфсиз деб билган калитни яратади, Трансхабар эса уни топмагунича тўхтамайди.
Стратмор сабр билан жавоб қайтарди:
– Ҳақсан, Сьюзан, Трансхабар кодни ечиш учун зарур бўлган калит сўзни ҳамиша топади, ҳатто унинг ҳажми жуда узун бўлса ҳам. Агар… – муҳим гапни айтмоқчидек чуқур нафас олди.
– Нима агар? – Сьюзан командорнинг оғзини пойлади.
– Агар компьютер кодни топганини ўзи сезмаса-чи?
Кутилмаган фикрдан Сьюзан стулдан йиқилиб тушаёзди:
– Нима-а-а?
– Агар Трансхабар тўғри калит сўзни узоқ муддат тахмин қилишда давом этса, бунга ягона сабаб у керакли калит сўзга дуч келганини англамаслиги бўлиши мумкин. – Стратмор бироз тин олиб, умидсиз оҳангда қўшиб қўйди. – Менимча, бу алгоритм айланма матндан ташкил топган.
Қизнинг оғзи ҳайратдан очилиб қолди.
Айланма матн тушунчаси биринчи марта 1987 йили венгриялик математик Жозеф Гарн томонидан ўртага ташланганди. Компьютер шифрланган матнни ўқиш учун хабардаги кўзга ташланувчи белгилар, уларнинг жойлашувини таҳлил қилишга таянишини ҳисобга олиб, Жозеф матндаги ҳарфлар ва рақамларнинг ўрнини маълум вақт оралиғида алмаштириб туришни таъминловчи алгоритм яратиш фикрини олға сурганди. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, белгиларнинг доимий ўзгариши натижасида компьютернинг шифрни ечадиган калитни топиши мураккаблашарди. Муқобил калитни топган тақдирда ҳам хабар матни бошқача тус олиб, янги кўринишига эски калит мос тушмасди ва электрон ҳисоблаш машинаси уринишларни қайтадан бошлашга тўғри келарди. Бу жараённинг охири йўқ эди. Ўша даврда Жозефнинг ғоясига Марсни ишғол қилишдек иложсиз ҳодиса сифатида қаралган бўлса, ҳозирга келиб бу каби алгоритмни яратишга инсон салоҳияти ожизлик қилиши тан олинганди.
– Нима? – қиз анграйганча курсига суяниб қолди. – Бизнинг бўлимда дунёдаги энг моҳир дастурчилар йиғилган, шеф! Энг устаси фаранглар фақат Криптода фаолият юритади! Ўзингиз кўриб турибсиз, бир неча йиллардан бери айланма матн устида ишлаяпмиз, аммо ҳанузгача бирор натижага эришганимиз йўқ. Жамоатчилик орасидаги аллақандай чаласавод айланма матнни яратиш усулини топган бўлиши мумкин эмас! Бу бўлмаган гап!
Стратмор қизни тинчлантиришга уринди:
– Шахсан мен бу дастурчи йигитни чаласавод деб атамаган бўлардим…
Лекин Сьюзан эшитишни ҳам истамасди, унинг миясида турфа фикрлар чарх урарди. Трансхабар бу тарзда ишлашига бошқа изоҳ бўлиши керак. Балки вирус, балки ички аппаратлардаги кўз илғамас носозлик туфайли машина код калитини тополмаётгандир. Ҳар нарса бўлиши мумкин, бироқ ечиб бўлмас шифрни сабаб қилиб кўрсатиш ғирт бемаънилик. Бундай алгоритмнинг мавжуд эмаслиги кундек равшан, ахир…
Командор гапида давом этди:
– Бу алгоритмни шу вақтгача мен учратган энг зеҳни ўткир, алоҳида истеъдодга эга дастурчи тузган.
– Жин урсин, қанақасига? Ақлий салоҳияти юқори бўлган барча компьютер дастурловчилари менинг бўлимимдаку. Агар улардан бирортаси айланма матнни ёзганида эди, мен албатта хабар топган бўлардим бундан, – Сьюзан шубҳа аралаш эътироз билдирди. – Кимни назарда тутяпсиз, аниқроқ гапирсангизчи?
– Тахмин қилиб кўрчи… Бу одамнинг МХАга унчалик ҳуши йўқ эди.
– Оббо… Топишмоқ топишнинг айни вақтини топдингиз! – қиз асабийлашди, унинг сабр косаси тўлиб бораётганди.
Командор Флетчернинг киноясини беэътибор қолдириб, сўнгги изоҳини айтди:
– Бу одам Трансхабар лойиҳаси устида ишлаганди. Бироқ қоидаларга бўйсунмай, муаммо келтириб чиқаргани сабаб уни ишдан четлаштирганман… Ёдингга тушдими?
Шефнинг сўнгги сўзларидан кейин Сьюзаннинг ранги оқариб кетди:
– Эй Худойим…Ахир у…
Стратмор қиз ниҳоят ким ҳақида гап кетаётганини тушунганини кўриб, маъқуллади:
– У йил бўйи Трансхабарга чидамли код ёза олувчи алгоритм яратгани ҳақида жар солиб юрганди.
– Л-лекин… – дудуқланди Сьюзан. – Лекин мен унинг гаплари қуруқ оғиз кўпиртириш деб ўйлагандим. Ростдан ҳам яратибдими шундай алгоритмни?
– Шундай. – қисқача жавоб берди командор.
Сьюзаннинг нафаси ичига тушиб кетди:
– Ахир…бу дегани…
Стратмор қизнинг кўзларига маъносиз тикилди ва нафрат аралаш пичирлади:
– Тўғри ўйлаяпсан. Бу дегани Энзай Танкадо Трансхабарни кераксиз матоҳга айлантирди дегани!
Олтинчи боб
Энзай Танкадо Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларидан анча вақт ўтганидан кейин туғилган бўлса-да, урушни батафсил ўрганди. Айниқса, воқеалар ривожининг энг аянчли нуқтаси, юз минглаб ватандошининг ёстиғини қуритган атом бомбаси портлаши ҳақидаги тарихий маълумотларнинг деярли барчасини синчиклаб кўздан кечириб чиқди.
Ҳиросима. 08:15, 6 август, 1945 йил дунё тарихига аёвсиз бузғунчилик содир этилган сана сифатида муҳрланди. Атом кучи урушдаги ғолиблар ва мағлублар ким эканлигини белгилаб берди. Танкадо жангда мамлакатининг енгилганини ҳам, миллатдошларининг қирилиб кетганини ҳам қабул қила оларди. Лекин мана шу бомба портлаши онасининг умрига зомин бўлганини ҳеч ҳазм қилолмасди.
1945 йили портлашдан кейин кўпчилик дўстлари қатори Танкадонинг онаси ҳам Ҳиросима аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун кўнгилли сифатида йўлга отланди. Ўша ерда ҳудуддаги кучли радиациядан заҳарланиб, дарди бедаво хасталик – нурланишга чалинди. Шу дард билан ўн беш йилдан ошиқроқ курашди. Ниҳоят, орадан ўн тўққиз йил ўтиб, ўттиз олти ёшида, ўзини муқаррар ажалга етаклашини билса-да, Танкадони дунёга келтирди ва фарзанди рўйи заминдаги илк нафасини чиқаришига улгурмасиданоқ вафот этди. Аёл ягона зурриёдининг мажруҳ туғилганидан бехабар ҳолда дунёдан ўтганди.
Энзайнинг дадаси хотинини йўқотгани етмагандек, ҳамширалар фарзанди деб кўрсатган нуқсонли мавжудотни кўриб, дардига дард қўшилди, ўша тундаёқ касалхонани тарк этди ва ҳеч қачон боласини қидириб қайтмади. Шифокорлар Танкадонинг бир кечадан ортиқ яшашига ишонмаганди, лекин митти гўдак ҳаёт учун курашиб, матонат билан нафас олишда давом этди. Орадан бироз вақт ўтгач, уни бефарзанд бир оила савоб илинжида асраб олди.
Эсини танигандан кейин ҳар кеча ёш Танкадо ўзининг буришиб кетган бармоқларига тикиларкан, онасининг ўлимига, майиб туғилишига, дадасининг ўғлидан воз кечишига сабабчи бўлган мамлакатдан қасос олишга қайта-қайта қасам ичарди. Болакайнинг мурғак қалбида интиқом алангаси гуриллаб ёнмоқда эди.
Энзай ўн икки ёшга тўлганида Токиодаги компьютер ишлаб чиқарувчи бир фирма унинг оиласини ҳузурига чақирди. Бундан мақсад фирма ишлаб чиқарган ногирон болаларга мўлжалланган клавиатура синовида Танкадонинг иштирокини сўраш эди. Қўшимча маблағ ишлаш илинжида тутинган ота-она болани олиб пойтахтга отланди.
Энзай Танкадо ўшанда умрида биринчи марта компьютерни кўрди. Олдин ҳеч қачон фойдаланмаган бўлса ҳам, бир қарашдаёқ уни қандай ишлатишни ўрганиб олди. Компьютер орқали у бутунлай ўзгача дунёни кашф қилганди. Кейинроқ эса ҳаётининг бир лаҳзасини ҳам компьютерсиз тасаввур қилолмайдиган бўлди, компьютер унинг доимий йўлдошига айланди. Улғайгач, Танкадо мактабни бутунлай йиғиштириб қўйди, компьютер ёрдамида ишлаб пул топишни бошлади, керакли маблағни йиққанидан сўнг Япониядаги энг машҳур олийгоҳ – Дошиша университетига ҳужжат топшириб, ўқишга кирди. Тез орада Энзай Танкадо бутун Япония бўйлаб «Мажруҳ даҳо» номи остида донг таратди.