Дэн Браун – Рақамли қалъа (страница 4)
Мана шу зайлда ҳафталар ўтиб борарди. Бир куни кечки овқат устида Беккер уни саволларга кўмиб ташлади.
У математикани қаерда ўрганган?
Қандай қилиб МХАга келиб қолган?
Шунчалар мафтункор бўлишига сабаб нима?
Сьюзан уялганича ёшлигида иркит ўрдакча бўлганини тан олди; баланд бўйига мос тушмаган ўта ингичка қомати, бунинг устига тишига ўрнатилган брикетлар уни баттар бесўнақай кўрсатганини кулиб эслади. Сьюзаннинг Клара холаси бир марта қизнинг ақлга лиқ тўла мияси унга бесўнақай яратгани учун Худонинг узри деб айтган экан.
«Жуда эрта сўралган узр. Агар Худо Сьюзаннинг келажакда бундай соҳибжамолга айланишини билганида борми…» – ўйлади Беккер.
Сьюзаннинг криптографияга қизиқиши юқори мактабда ўқиб юрган кезлари бошланганди. Бир куни компьютер клубининг ёш президенти Фрэнк Гутмен унга севги мактубини ёзди ва хатни рақамли дастур билан шифрлаб қўйди. Мактубни очиб, уни ўқий олмагач, Сьюзан унинг сирини айтишини сўраб Фрэнкка ёлворди, лекин йигитча кўзларини сузганича илтимосни рад этди. Қиз шаҳд билан мактубни ушлаб уйига йўл олди, бутун тунни чироқ ёруғида ёзувлар сирини аниқлашга сарфлаб, мижжа қоқмади, ниҳоят тонгга яқин ҳар бир рақам маълум бир ҳарфни ифода этишини тушуниб етди. Эҳтиёкорлик билан кодни жой-жойига қўйиб чиққач, мўъжизадан лол қолди: турфа хил маънисиз рақамлар кўз ўнгида бетакрор шеърни намоён қилганди. Ўша оний лаҳзаларда кодлар ва криптографияга қизнинг ишқи тушиб қолди ва бутун ҳаётининг мазмунига айланди.
Деярли йигирма йилдан сўнг математика бўйича Жон Хопкинс университетида магистрлик даражасини қабул қилгач, қиз машҳур Массачусетс университетида тўлиқ грант асосида рақамлар назариясини ўрганди ва «Қўлланма дастурлар учун криптография методлари, протоколлар ва алгоритмлар» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Илмий ишининг довруғи университетдан ташқарига ҳам ёйилган шекилли, орадан бироз вақт ўтиб, Сьюзан МХАдан қўнғироқ ва самолёт чиптасини қабул қилиб олди.
Криптография билан шуғулланувчи ҳар бир киши МХА ҳақида яхши хабардор бўлиб, у Ер юзидаги энг ақлли криптографлар учун бошпана эди. Ҳар баҳор хусусий тармоқ фирмалари юқори салоҳиятга эга ишчи-ходимларни қидириб топиб, улар билан маош масаласида бир тўхтамга келар, МХА эса бу жараённи диққат билан кузатиб, тайёр вариантлар орасидан энг муносибларини мўлжал қилар ва осмондан тушгандек улар олдида хусусий корхоналардан кўра икки баробар манфаатли таклиф билан пайдо бўларди. МХА нимани истаса, шуни сотиб олади. Бу ёзилмаган қонун. Сьюзан учрашувни сабрсизланиб кутганича Вашингтонга учиб келгач, уни аэропортда МХА ҳайдовчиси кутиб олиб, Форт Мидига елдек учириб олиб кетди.
МХА қароргоҳида Сьюзан ўзига ўхшаб иш таклифини олган яна қирқ бир кишига дуч келди. Ўша вақтлари йигирма саккиз ёшга кирган Сьюзан Флетчер улар орасида нафақат энг ёш, балки ягона аёл номзод ҳам эди. Ташриф ахборот алмашиш учун чақирилган йиғилишдан кўра кўпроқ номзодларнинг ақлий салоҳиятини ўлчайдиган текширувга айланиб кетди. Ўша куни ўзининг натижаси ҳақида ҳеч қандай ижобий ёки салбий жавоб билолмасдан, ҳафсаласи пир бўлиб ортга қайтган Сьюзанни келаси ҳафта қайта чақиришди. Гарчи иккиланаётган бўлса-да, Сьюзан яна Вашингтонга учди. Бу сафар у қабулхонада атиги олти кишини учратди холос. Ичкарига таклиф қилингандан кейин номзодлар бир-биридан холи ҳар хил вазифаларни бажаришди. Улар ёлғон детекторидан ўтишди, насл-насаблари қаттиқ суриштирилди, ёзувлари таҳлил қилиниб, бир-биридан кутилмаган ва ғалати саволлардан иборат интервьюларда соатлаб ўтиришди. Суҳбатда уларнинг жинсий мойиллиги, ким билан неча маротаба қай усулда интим алоқада бўлгани ҳақидаги ўта шахсий саволлар ҳам бор эди. Интервью олувчи Сьюзандан қачондир бирор ҳайвон билан жинсий яқинлик қилган-қилмагани ҳақида сўраганида бечора қиз шунақа уялиб кетдики, хонадан отилиб чиқиб кетишдан ўзини зўрға тийиб қолди. Фақатгина энг замонавий кодлаш назарияси устида ишлаш илинжи, «сирли ошён»га қадам қўйиш ва дунёдаги энг махфий ташкилот, Миллий хавфсизлик агентлигининг аъзосига айланиш умидигина уни, минг ноқулай бўлмасин, саволларга тўлиқ жавоб беришга мажбур этди.
Қизнинг ҳикоясига маҳлиё бўлганича диққат билан эшитиб ўтирган Беккер ажабланиб сўради:
– Улар ростдан ҳам ҳайвонлар билан жинсий алоқада бўлганмисан, деб сўрадими?
Сьюзан бош ирғади:
– Бу аслият текширувининг бир қисми холос.
– Тушунарли… – Беккер кулиб юборишдан ўзини босишга уриниб яна сўради: – Сен нима деб жавоб бердинг?
– Ярамас, – қиз ярим ҳазил, ярим чин жаҳл қилиб, стол остидан Девидни тепаркан, – мен уларга йўқ деб жавоб бердим, – деди. Кейин маъноли жилмайиб, қўшиб қўйди:
– Умуман олганда сиз билан бирга ўтказган тунимгача бу гапим ҳақиқат эди.
Девид Сьюзан бутун умр учратишни орзу қилган мукаммал инсоннинг айни ўзи эди. Бироқ йигитнинг бир феъли бор эдики, бунга қиз асло тоқат қилолмасди: ҳар сафар овқатлангани чиқишганида Беккер ҳисобни доим ўзи тўларди. Йигит бир кунлик даромадининг барчасини икковларининг учрашуви учун сарфлашини кўриб, Сьюзаннинг виждони қийналарди, шу сабаб бир-икки марта чекни официантнинг қўлидан олиб, бугун у тўламоқчи эканини айтганида, Девид буни ҳақорат сифатида қабул қилиб, қаттиқ жаҳли чиқди. Шу-шу Сьюзан бу ҳолатга эътироз билдирмасликни ўрганди. Лекин «аслида мен тўлашим керак, ахир мен керагидан ҳам кўпроқ пул топаман», деган фикр уни тинч қўймасди барибир.
Хуллас, мана шу ҳаддан ташқари олийжаноблигини ҳисобга олмаганда, у идеал жуфт эди. Беккер раҳмдил, ақлли, ҳазилкаш бўлиб, муҳими, унда Сьюзаннинг касбига нисбатан самимий қизиқиш уйғонганди. Қаерда бўлишларидан, нима қилишларидан қатъий назар, Девид ҳамиша қиз билан криптография ҳақида гаплашишга тайёр турарди. Хоҳ музейда айланганларида, хоҳ велосипед ҳайдаётганларида ёки Сьюзаннинг ошхонасида спагетти тайёрлаётганларида, бундан қатъий назар, йигит уни беҳисоб саволларга кўмиб ташларди. Сьюзан ҳам ўз навбатида Крипто ҳақида айтишга рухсат бўлган саволларга жавоб бериб, МХАни қисқача тасвирлаб бераркан, Девид эшитганларига маҳлиё бўлиб ўтирарди.
Президент Труман томонидан 1952 йил 4 ноябрь соат 12:01 да ташкил этилган МХА дунёнинг энг маҳфий разведка агентлиги сифатида эллик йилдан ошиқроқ вақт мобайнида фаолият кўрсатмоқда эди. МХАнинг етти варақдан иборат тамойиллар тўплами жуда оддий асосга қурилган бўлиб, АҚШ ҳукуматининг ахборот тизимини ҳимоя қилиш ҳамда хорижий кучларнинг алоқа агентликларини кузатиб, вақти келганда чеклашдан иборат эди.
МХАнинг асосий қароргоҳи жойлашган бинонинг томи беш юздан ошиқ катта-кичик антенналар билан тўлиб-тошган, ҳажми эса ўн саккиз квадрат километрга ёйилган бўлиб, бу МХА ҳудуд жиҳатдан Марказий разведка бошқармасидан икки баробар каттароқ дегани эди. Бинонинг ичкари қисмида жами саккиз миллион фут телефон кабеллари, саксон минг квадрат футга чўзилган ўқ ўтмас деразалар бор эди.
Сьюзан Девидга МХАнинг дунёдаги барча сунъий йўлдошлар, жосуслар, ёзма ва оғзаки ахборотни назорат қилувчи глобал разведка бўлинмаси – Comint ҳақида сўзлаб берди. Ҳар куни шубҳали туюлган минглаб суҳбатлар, маълумотлар МХАнинг таҳлилчиларига расшифровка учун юборилади ва улар томонидан кодлари ечилиб, ўрганилади. ФҚБ, МРБ, АҚШ Интерполининг барчаси бирор муҳим маълумот олиш учун МХА разведкасига суянади. Криптографлар фош этган ахборотларнинг аксарият қисми ҳақиқатан ҳам АҚШ ҳудудидаги ҳукуматнинг хавфли душманлари, адоват руҳидаги фракциялар ва террорчи гуруҳларга тегишли бўлиб чиқади. Бундай сўл гуруҳлар ҳар эҳтимолга қарши, хавфсизлик юзасидан ўз мулоқотларини турли хил кодлар ёрдамида шифрлаб амалга оширишади, лекин Comint туфайли керакли ахборот жуда тез қўлга киритилиб, фош этилади.
Беккер худди гипнозлангандек Сьюзаннинг гапини бўлмасдан тинглади, кейин эса сўради:
– Сенинг асосий машғулотинг нима у ерда?
– Умуман олганда жуда оддий, мен кодларни ўрганаман, уларни миям ёрдамида ечаман ҳамда МХАга маълумотларни еткизиб бераман, – Сьюзан шундай деб бамайлихотир жавоб берса-да, севган инсонини алдаётгани учун ичини ит тирнади. Лекин қизнинг ўзини аслида нималар билан шуғулланишини айтишга имкони йўқ эди. Агар Девид бу саволни бир неча йил олдин берганида, Сьюзан ҳеч иккиланмасдан ҳақиқатни айтиб берган бўларди, лекин ҳозир МХАда кўп нарса ўзгарди. Криптография дунёси ўзгарди. Сьюзаннинг янги вазифалари шу даражада машаққатли эдики, бир нечта карвонга юк бўларди.
Сьюзаннинг хаёлларидан бехабар Девид кодлар ҳақида эшитиши биланоқ чеҳраси очилиб кетди:
– Ўзи нимадан бошлайсан кодларни очишни? Айтмоқчиманки, қандай қилиб уларни ечасан?
Сьюзан жилмайди:
– Бу худди хорижий тилни ўрганишга ўхшайди. Дастлаб кўрганингизда матнга тушунмайсиз. Лекин унинг тузилиши билан боғлиқ қоидаларни ўрганганингиздан кейин белгиларнинг асл маъносини чақишни бошлайсиз. Бу унчалик мураккаб эмас.
Беккер тушунгандек бош ирғади. Сьюзан Девиднинг бу ҳақда кўпроқ билгиси келаётганини сезиб, унга криптография бўйича кичик сабоқ бермоқчи бўлди. Стол устида ётган салфетка ва концерт афишаларидан ёзув тахтаси сифатида фойдаланаркан, қиз Юлий Цезарнинг «Тўғри квадрат» деб аталувчи махфий кодлаш тизимини тушунтиришга киришди.
– Цезарь тарихдаги энг биринчи кодли хабар ёзган одам бўлган, – изоҳ берди Сьюзан Цезарнинг исмини эшитиб ажабланган йигитга. – Императорнинг хат ташувчиларига ҳужумлар авж олиб, унинг махфий ёзишмалари ўғирланиши хавфи кучайгач, Цезарь ҳимоя чораси сифатида мактубларни шифрлаш усулини ўйлаб топди, бунга матннинг ҳарфлари ўрнини бегоналарга тушунарсиз бўлган тарзда ўзгартириб, бир қараганда маълумотни маъносиздек кўрсатиш ҳисобига эришганди. У кашф этган усул шундан иборат эдики, матннинг ҳажмига қараб ҳар бир ёзишмадаги ҳарфлар сони қатъий белгиланган бўлиб, улар фақатгина квадратга бўлинувчи сонлардан ташкил топарди. Масалан, ўн олти, йигирма беш, қирқ тўққиз, саксон бир, юз ва ҳк. Цезарь ишончли хизматкорларига ўзи юборган хабарни ўқиш учун матндаги ҳарфлар сони қайси рақамнинг квадратига тенг бўлса, уларни худди шунча қаторга кетма-кет тақсимлашларини ва ҳосил бўлган натижани юқоридан пастга қарата ўқишларини тайинларди. Масалан, – Сьюзан Девид осонроқ тушуниши учун қўлидаги қалам билан сочиққа чизишни бошлади: