Дэн Браун – Ибтидо (страница 8)
– Бу санъат дурдонасининг майдони деярли беш юз олтмиш квадрат метр, – маълумот берди Уинстон.
– Сурат муаллифи – Ив Клайн уни “Чўмилиш ҳавзаси” деб атаган.
Лэнгдон тан берди: маҳорат билан ишлатилган тўқ кўк бўёқ суратга шўнғиш мумкиндек таассурот уйғотарди.
– Асар рангини Клайннинг ўзи ихтиро қилиб, “Халқаро Клайн Кўки” номи билан патентлаштирган, – давом этди Уинстон. – Муаллифнинг айтишича, айнан мана шу тўқ мовий ранг унинг тасаввуридаги номоддий ва чексиз дунёни ифодалайди.
Лэнгдон Уинстоннинг маълумотларни ўқиб бераётганини сезди.
– Ив Клайн ўзининг монохром кўк суратлари билан донг таратган. Шунингдек, уни “Тубсизлик сари” деб номланган фотосурати орқали ҳам яхши танишади. 1960 йил намойиш этилганда “Тубсизлик сари” одамлар орасида яхшигина ваҳима уйғотганди.
Нью-Йоркдаги Замонавий санъат музейида сақланувчи “Тубсизлик сари” асарини Лэнгдон аввал кўрганди. Пўрим кийинган эркак баланд бино деворидан ўзини ташлаб, пастдаги йўлакка бамайлихотир қулаётгани тасвирланган фотосурат кишини бир қарашда ҳаяжонга солиб қўяди. Лекин расм ҳақиқий бўлмай, “Фотошоп” чиқмасдан анча аввал қайчи, устара ва елимдан усталик билан фойдаланиб амалга оширилган эди.
– Бундан ташқари, Клайн “Монотон сукунат” номли мусиқий асар басталаган. Композицияда симфоник оркестр йигирма дақиқа давомида фақат ре мажор нотани чалади.
– Кимдир эшитадими буни?
– Минглаб одамлар. Ре мажор композициянинг бир қисми, холос. Иккинчи бўлимда оркестр тош қотганча ҳаракатсиз ўтиради ва навбатдаги йигирма дақиқани “жимжитлик” куйини ижро этиб ўтказади.
– Ҳазиллашяпсиз-а?
– Албатта, йўқ. Айтиш жоизки, “Монотон сукунат” сиз тасаввур қилганингиздан кўра қизиқарлироқ бўлган. Масалан, саҳнада танасига кўк бўёқ билан ишлов берилган учта яланғоч аёлнинг баҳайбат суратлар атрофида айланиши ўзгача жозиба касб этган.
Лэнгдон ҳаётининг каттагина қисмини санъатни ўрганишга сарфлаган бўлса‐да, замонавий санъатнинг олий кўринишларини қай тарзда баҳолашга ҳанузгача боши қотар; авангард жозиба сири мавҳумлигича қолганди.
– Нотўғри тушунманг-у, Уинстон, бирхилликдан иборат ишни қандай қилиб “замонавий санъат дурдонаси” деб аташ мумкинлигини унча тушунмайман.
– Тўғри, бу савол кўпчиликни қийнайди, – жавоб берди Уинстон. – Мумтоз санъатда рассомнинг ижро маҳорати, айтайлик, унинг бўёқ ва мўйқалам билан моҳирона ишлай олиши баҳоланади. Замонавий санъатда эса ижродан кўра ғоя асосий ўрин эгаллайди. Мисол учун, ҳозир битта нота ва жимликдан иборат қирқ дақиқалик композицияни ҳар ким осон ёзиши мумкин. Лекин бу ғоянинг асосчиси Ив Клайнлигича қолади.
– Ҳақиқатан ҳам…
– Бўлмасам‐чи! Ташқарида кўрганингиз – “Туманли ҳайкал” ҳам замонавий санъатнинг ёрқин намунаси. Рассом кўприк остига тешилган қувурларни ўрнатиб, улардан сув юзасига тутун чиқариш ғоясини беради. Бу ғояни маҳаллий чилангарлар амалга оширади. – Уинстон бир зум тўхтади. – Тумандан код сифатида фойдаланиш ғояси учун рассомга қойил қолмасдан илож йўқ.
– Туман кодми?
– Худди шундай. Музей архитекторига аталган кодли бағишлов.
– Френк Геригами?
– Френк О. Герига! – тўғрилади Уинстон.
– Ақлли фикр.
Лэнгдон деразага яқинлашаркан, Уинстон сўради:
– Шу ердан ўргимчак яққол кўринади. Келаётганингизда Маманга кўзингиз тушдими?
– Ҳа. Маманни кўздан қочириш иложсиз, – жавоб қайтарди профессор ташқаридаги “Қора бева” ҳайкалига тикилиб.
– Дидингизга ўтирмагандек гапиряпсиз?
– Мен ҳаракат қиляпман, лекин… – тин олди Лэнгдон. – Тўғриси, мумтоз санъат ҳақида гап кетганда ўзимни океандаги наҳангдек бемалол ҳис қиламан. Бу ерда эса бебош тўлқинлар дастидан соҳилга итқитилган балиқчага ўхшаб қолдим.
– Қизиқ! Сиздек шахс Маманга етарли баҳо бера олади, деб ўйлагандим. Чунки у классикага доир таққослаш тушунчасининг мукаммал намунаси саналади. Келаси сафар шу тўғридаги маърузаларингизда Маманни мисол келтиришингиз мумкин.
Лэнгдон ўргимчакка қайта назар соларкан, классикага тааллуқли ҳеч вақони пайқамади. Анъанавийликни афзал билган профессор таққослаш мавзусини тушунтиришда Довудга етадигани йўқлигини кўринмас ҳамроҳига таъкидлади.
– Албатта, Микеланжело – олтин стандарт, – кулиб жавоб қайтарди Уинстон. – Довуднинг аёлларга хос тик турган гавдаси ва рогатка тутган ўнг қўли бевосита аёллик заифлигига ишора беради. Аммо унинг қувват ёғилиб турган танаси, кўзларида қотиб қолган қатъият, Голиафдан қасос олиш илинжида бўртиб чиққан ўқ томирлари ҳамда чайир пайлари эркаклик қудратини яққол намоён этади. Ҳақиқатан, Довуд бир вақтнинг ўзида ҳам аёлга хос нафислик, ҳам эркакча кучга йўғрилган. У ўзида нафосат ва ҳалокатни жам қилган.
Уинстоннинг қиёсий таҳлили Лэнгдонни ҳайратга солди. У айни дамда барча талабалари Микеланжелонинг ушбу санъат асари ҳақида ана шундай аниқ-тиниқ тушунчага эга бўлишини орзу қилди.
– Маман ҳам Довуддан деярли фарқ қилмайди, – давом этди Уинстон. – Унда кўҳна ёндашувларни зидлаштириш орқали таққослаш ифодаланган. Табиатан, “қора бева” ўргимчаги жуда қўрқинчли мавжудот. У қурбонларини тўр ёрдамида тутиб, маҳв этади ва улар билан озиқланади. Қаршингиздаги “қора бева” аёл жинсида бўлиб, кўриб турганингиздек, унинг қопи тухумга тўла. Йиртқичлигига қарамай, у янги ҳаёт инъом этишга тайёрланмоқда. Яъни “қора бева”да ҳам қотил, ҳам жон ато этувчи образ мужассам. Унинг баҳайбат танасига номутаносиб ингичка оёқлари яна бир қарама-қаршиликни ифодалаб, қувват ва мўртлик рамзини беради. Маманни ҳеч иккиланмасдан замонавий Довуд деб аташингиз мумкин.
– Мумкин эмас, – табассум қилди Лэнгдон, – аммо тан оламан, сизнинг таҳлилларингиз фикрий озуқа берди менга.
– Ажойиб! Ундай бўлса, рухсатингиз билан яна бир экспонатни кўрсатсам. Шахсан Эдмонд Киршнинг ўзи яратган.
– Йўғ‐е? Эдмонд рассомликка қизиқишини билмас эканман, – ажабланди профессор.
Уинстон кулиб юборди ва кўтаринки оҳангда деди:
– Бунга ўзингиз баҳо берақолинг яхшиси.
Йўлбошловчи кўрсатмасига биноан Лэнгдон деразалар ёнидан ўтиб, кенггина тахмон томон юрди. У ерда бир гуруҳ меҳмонлар деворга осилган бир бўлак лой олдида тўпланиб турганди. Бир қарашда, қотирилган лой парчаси профессорга бошқа музейлардаги ҳайвон ва ўсимликларнинг тош қотган қолдиқлари кўргазмасини эслатди. Бироқ бу лойда ҳеч қандай қолдиқ йўқ, унинг юзаси янги ётқизилган цементга ёш болалар чўпда чизадиган тушунарсиз белгилар билан қопланганди.
Кузатувчиларнинг юзида ҳайрат аломати сезилмасди негадир.
– Наҳотки, шу нарсани Эдмонд қилган бўлса? – энсаси қотиб сўради малласоч аёл. Унинг лаблари сунъий шиширилган, елкасига мўйна ташлаб олган эди. – Умуман маъносини тушунмадим.
Лэнгдоннинг муаллимлиги тутиб, аёлнинг гапини бўлди:
– Бу экспонат ҳозиргача музейда кўрганларим ичида энг яхшиси, унда ғиж-ғиж маъно яширин.
– Шунақами? – малласоч хоним ўгирилиб, профессорга беписанд кўз ташлади. – Балки менга тушунтириб берарсиз?
– Жоним билан! – жавоб қайтарди Лэнгдон ва лой юзасига ўйилган белгилардан иборат санъат асарига яқинлашди.
– Дастлаб эслатиш жоизки, Эдмонд лойга битган белгилар инсониятнинг энг биринчи ёзуви – миххат шаклидадир.
Аёл ниманидир тушунмагандек кўзларини пирпиратди.
– Ўртадаги учта йўғон белги, – давом этди профессор, – Оссурия тилида “балиқ”ни ифодалайди. Диққат билан қарасангиз, ўнг томонга қараб очилган балиқнинг оғзи, унинг давомида учбурчак тангачали балиқ танаси кўз олдингизда намоён бўлади. Турли расмлар ёрдамида сўзларнинг ифодаланиши “пиктограмма” дейилади.
Aтрофида йиғилганлар қизиқсиниб, битикни қайта ўрганишга тушди.
– Балиқнинг ортига чизилган изларга қаранг, – давом этди Лэнгдон суратнинг чап томонидаги нуқтачалар кетма-кетлигига ишора қилиб. – Бу орқали Эдмонд балиқнинг қуруқликка томон бўлган тарихий эволюцион йўлини кўрсатмоқда.
Томошабинлар тасдиқ ишорасида бошларини қимирлатишди.
– Ва ниҳоят, балиқнинг озуқаси сифатида тасвирланган ўнгдаги асимметрик юлдузчани кўряпсизми? Бу – Худонинг энг қадимий рамзларидан бири ҳисобланади.
Малласоч хонимнинг қовоғи уйилди.
– Балиқ Худони еяптими?
– Шунақага ўхшайди. Балиқ – эволюция динни ютиб юбориши Дарвин назариясининг қизиқарли варианти сифатида баҳоланиши мумкин, – елка қисди Лэнгдон. – Айтганимдек, жуда маъноли сурат бу, – у гапини тугатиб, анграйиб қолган малласоч хонимга табассум қилди‐да, даврани тарк этди. Унинг ортида тўпланганларнинг ҳайратомуз шивир-шивири эшитилиб турарди.
Йўл-йўлакай Уинстон хахолаб кулиб юборди.
– Қойилмақом, жаноб профессор! Эдмонд ҳозирги маърузангизни эшитганда эди, боши осмонга етган бўларди. Бу суратнинг асл маъносини камдан-кам одам илғай олади.
– Нимаям дердим, – жилмайди Лэнгдон. – Менинг ишим шу.
– Нима учун жаноб Кирш сизни олиймақом меҳмон ҳисоблашини энди тушундим. Дарвоқе, Эдмонд сизга бугунги оқшомга йиғилган меҳмонларнинг ҳеч бири муваффақ бўлмайдиган бир нарсани кўрсатишимни сўраганди.
– Ростданми? Нима экан?
– Асосий деразаларнинг ўнг томонидаги йўлакка ўтиш жойини кўряпсизми? Устунчалар билан тўсиб қўйилган.
– Кўряпман.
– Жуда соз. У ҳолда кўрсатмаларимга эргашинг.
Лэнгдон ажабланган кўйи йўлбошловчисининг кўрсатмаларига бўйсунди. У йўлакнинг кириш жойига борди, атрофга сездирмай аланглаб, ҳеч ким кузатмаётганига икки марта ишонч ҳосил қилгач, эҳтиёткорлик билан устунчалардан ҳатлаб, кўздан панадаги йўлакка ўтиб олди.