реклама
Бургер менюБургер меню

Дэн Браун – Ибтидо (страница 3)

18

– Мен кўпроқ мумтоз санъат шайдосиман, – жавоб қайтарди Лэнгдон. – Де Кунингдан кўра да Винчи ҳақида кўпроқ биламан.

– Лекин да Винчи билан де Кунинг бир-бирига жуда ўхшаш!

Лэнгдон босиқ жилмайди:

– Ундай бўлса, Кунинг тўғрисида кўпроқ ўрганишим керак, шекилли.

– Роса боп жойга келдингиз! – мезбон қўли билан баҳайбат бинога имо қилди. – Бу музейда замонавий санъатнинг дунёдаги энг яхши намуналари жамланган. Вақтингизни мазмунли ўтказинг.

– Ниятим ҳам шу, – деди Лэнгдон. – Фақат нима сабабдан бу ерга чақирилганимни билсам эди.

– Буни билишни нафақат сиз, балки ҳамма истайди, – кулиб юборди Фернандо бошини чайқаб. – Кеча мезбони асл мақсадини сир тутди. Ҳатто музей ходимлари ҳам нима бўлаётганидан бехабар. Турли миш-мишлар тарқалди. Ичкарида бир неча юз меҳмон йиғилган – кўпчилиги машҳур шахслар – лекин бугунги ўтиришнинг сабаби ҳақида ҳеч кимда аниқ бир фикр йўқ!

Лэнгдоннинг пешонаси тиришди. Фақат саноқли мезбонлар: “Шанба куни кечқурун. Ўша ерда бўлинг. Менга ишонинг”, деган жумлалар битилган шошилинч таклифнома юборишга қодир эди. Ундан ҳам камроқлари юзлаб VIP шахсларни барча ишларини ташлаб, тадбирда қатнашиш учун шимолий Испанияга учишга мажбур қила оларди.

Лэнгдон темир ўргимчак тагидан ўтиб, катта ҳарфлар туширилган қип‐қизил афиша осилган йўлкага қараб юрди.

“Эдмондда ўзига ишонч ҳамиша юқори бўлган,” деб ўйлади профессор дабдабали афишага қизиқиб қараркан.

Тахминан, йигирма йиллар муқаддам ёш Эдди Кирш профессор Роберт Лэнгдоннинг Ҳарвард университетидаги илк шогирдларидан бири эди. Патила сочли компьютер жинниси бўлган Эддининг кодларга қизиқиши уни Лэнгдоннинг кодлар, шифрлар ва рамзлар тили бўйича биринчи босқич талабаларига ўтказадиган семинарига етаклаб келганди. Киршнинг ақлий салоҳиятини кўрган профессор қаттиқ таъсирланди. Кейинчалик Кирш компьютерларнинг нурли келажагига ишонган ҳолда рамзларнинг чанг босган оламини тарк этган бўлса‐да, у ва Лэнгдон ўртасида мустаҳкам устоз‐шогирдлик муносабати ўрнатилганди. Шу туфайли университетни битирганига йигирма йил бўлганига қарамасдан, Кирш ва Лэнгдон ўртасида узвий алоқалар сақланиб қолганди.

“Мана, ниҳоят, шогирд устозидан ўзиб кетди. Бир неча ёруғлик йилига!” Лэнгдон ич-ичидан фахрланди.

Бугунги кунда Эдмонд Кирш бутун дунёга донғи кетган даҳо – мультимиллионер, компьютер олими, футуролог1, кашфиётчи ва тадбиркор. Ёши қирқни қаршилаган Кирш нанотехнология, сунъий ақл, мияни тадқиқ қилиш ва роботлаштириш каби турфа соҳаларда кескин ижобий силжишларга олиб келган технологияларни яратишга улгурди. Илмий тараққиёт келажаги тўғрисидаги башоратларининг бекам-кўст тўғри чиқиши ҳам унинг шахсиятини синоатга буркаб, одамлар қизиқишини ошириб юборганди.

Лэнгдон шогирдининг башоратлари тўғри чиқишига унинг атроф‐олам ҳақидаги билимлари пухталиги сабаб, деб ҳисобларди. Эдмонд талабалик давридаёқ библиофил – китобсевар бўлган. У нимани кўрса, ўқирди. Киршдаги каби ўқишга бўлган иштиёқ ва китоб мазмунига шўнғий олишни Лэнгдон умри давомида ҳеч кимда учратмаганди.

Охирги йилларда Кирш асосан Испанияда истиқомат қилди. У бу ердаги ҳамма нарсага: мамлакатнинг тарихий таровати, авангард меъморчилиги, ғайриодатий жин‐барлари ва ажойиб иқлимига ошуфта бўлиб қолганди.

Йилда бир марта Кирш Массачусетс технологиялар университетининг Медиа лабораториясида нутқ сўзлаш учун Кэмбрижга келиб кетарди. Шунда у устозини Бостоннинг ҳашаматли, лекин Лэнгдоннинг ўзи ҳеч қачон эшитмаган ресторанларидан бирига овқатланишга таклиф қиларди. Бу учрашувларда уларнинг суҳбати ҳеч қачон технологияга бориб тақалмасди; Кирш муҳокама қилишни истаган ягона мавзу – санъат бўларди.

– Роберт, сиз менинг санъат бўйича шахсий маслаҳатчимсиз, – деб ҳазиллашарди Кирш.

Лэнгдонга ҳанузгача уйланмаганини айтиб ҳазиллашувчи Киршнинг ўзи бўйдоқ эди, у моногамияни “эволюцияга тўсиқ” деб ҳисоблар, шу билан бирга, йил бўйи ўнлаб супермодел қизлар билан тушган сурати журнал муқоваларини безарди.

Компьютер соҳасида қилган кашфиётлари туфайли Киршни технологияга муккасидан кетган, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, ишидан бошқа ҳеч нимани севмайдиган дастурчи сифатида тасаввур қилиш мумкин эди. Аслида, Кирш базмларнинг гули бўлиб, доим машҳурлар даврасида юрар, энг сўнгги урфдаги либосларни кияр, тушуниш қийин бўлган мусиқа тинглар, импрессионист ва замонавий санъатнинг қимматбаҳо асарларини тўпларди. У тез-тез Лэнгдонга электрон мактуб ёзиб, коллекциясига қўшмоқчи бўлган асарлар ҳақида маслаҳат сўрарди.

“Ва берган маслаҳатимнинг бутунлай тескарисини қилади”, деб ўйлади Лэнгдон кулиб.

Бир йилча муқаддам, навбатдаги ўтиришларнинг бирида Кирш суҳбат мавзусини санъатга эмас, Худога буриб, Лэнгдонни ҳайрон қолдирганди. Ўзини атеист деб эълон қилган одам учун бу ғалати мавзу эди. Бостондаги “Tiger Mama” емакхонасида янги сўйилган бузоқ гўштининг маромига етказиб пиширилган қовурғасини тановул қилганча шогирд устозидан дунё динларининг асослари тўғрисидаги фикрини сўради. Уни, асосан, борлиқ ва одамзотнинг пайдо бўлиши ҳақида динлардаги турли ҳикоялар қизиқтираётганди.

Ўшанда Лэнгдон ҳозир мавжуд эътиқодлар, жумладан, ислом, яҳудийлик ва насронийликда келтирилган тушунчалар, ҳиндуизмнинг Браҳма, бобилликларнинг Мардук ва бошқа кўплаб ривоятларини таҳлил қилиб берганди.

– Нима учун футуролог олим ўтмишга қизиқиб қолди? – сўради Лэнгдон ресторандан чиқар маҳали. – Наҳотки, машҳур атеист Худони топган бўлса?

Эдмонд қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

– Орзуга айб йўқ! Шунчаки келгуси жангим учун маълумот йиғяпман.

Лэнгдон жилмайди. “Ҳар доимгидек.”

– Тушунарли. Лекин унутма, илм‐фан ва дин бир‐бирига рақиб эмас. Улар шунчаки бир ҳикояни сўзлаётган икки тилга ўхшайди. Дунёда иккиси учун ҳам жой етади.

Шу учрашувдан сўнг Эдмонд деярли бир йил йўқолиб кетди. Кейин уч кун аввал Лэнгдон “Федерал Экспресс” орқали самолёт билети, меҳмонхонада буюртирилган жой ҳамда Киршнинг дастхати билан ёзилган тадбир таклифномаси солинган конверт олди.

“Роберт, ушбу тадбирда қатнаша олсангиз, мени бағоят мамнун қилган бўласиз. Сўнгги учрашувимизда айтган гапларингиз бу кечанинг ўтказилишида муҳим роль ўйнади.”

Лэнгдон чалкашиб кетди. Ўша суҳбатда келажакшунос олимнинг катта тадбир уюштиришига сабаб бўлувчи арзирли ҳеч гап айтилмаган эди.

Конверт ичида, шунингдек, икки кишининг бир‐бирига тикилиб турган оқ‐қора расми ҳам жой олган эди. Унда Киршнинг ўзи ёзган икки мисра шеър ҳам бор эди:

Роберт,

Сиз билан юзма-юз кўришган бир он, Олам сирларини этаман баён.

– Эдмонд

Бир неча йил муқаддам содир бўлган воқеага ишора қилувчи суратни кўриб, Лэнгдоннинг юзига табассум югурди. Икки одамнинг қоп‐қора юзи ўртасида муқаддас қадаҳ – Граал тасвири туширилган эди.

Музей олдида тураркан, Лэнгдон шогирди нимани эълон қилмоқчи эканига қизиқиб, қачонлардир саноатлашган шаҳарнинг жон томири ҳисобланган Нервион дарёси ёқалаб ётқизилган бетон йўлка бўйлаб юрди. Мавжланиб оқаётган тўлқинлардан урилган майин шабада эгнидаги фракни ҳилпиратар, ҳавога билинар‐билинмас мис ҳиди ўрнаб қолганди.

Навбатдаги бурилишдан ўтгач, профессор тин олиб, ярқироқ музейга тикилиб қаради. Бинонинг тузилиши шу қадар мураккаб ва салмоқдорлигидан уни бир нигоҳ билан томоша қилиб бўлмайди. Бу иншоот нафақат архитектура қоидаларини четлаб ўтади, балки уларни бутунлай йўққа чиқаради. "Эдмонд учун муносиб маскан”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон музейнинг бўйига ва энига кўз югуртираркан.

Испаниянинг Бильбао шаҳрида жойлашган Гуггенҳайм музейи ўзга сайёраликларнинг ижод маҳсулига ўхшайди: баҳайбат металл қисмлари бир‐бирининг устига пала-партиш тахланиб, кўкка гирдобдек кўтарилган, энига чўзилган тушунарсиз шакллар массаси эса қуёш ёғдусида балиқ тангачаларидек товланадиган ўттиз мингдан зиёд титан кафеллар билан қопланган. Буларнинг бари жам бўлиб, иншоотга тириклик бағишлайди, унга ўзгача олам руҳини беради. Худдики, махлуқ Левиафан дарё қаъридан кўтарилиб, қирғоқда, офтоб нурларида тобланиб ётгандек туюлади.

Музейнинг тантанали очилиш маросими 1997 йили бўлганди. Ўшанда “The New Yorker” журнали бино тарҳини чизган архитектор Френк Герини “Титан ёпинчиқда чайқалиб турган орзулар кемаси”ни яратди, деб алқаганди. Бутун дунё танқидчилари “Замонамизнинг энг муҳташам иморати!”, “Кумуш ёғдуси!”, “Оламшумул обида!” дея мақтовлар ёғдирганди.

Музейнинг илк дебютидан бери яна ўнлаб “деконструктивист” бинолар қад кўтарди: Лос‐Анжелесдаги Дисней концерт зали, Мюнхендаги BMW дунёси, ҳаттоки Лэнгдоннинг янги шахсий кутубхонаси. Уларнинг ҳаммаси буткул ўзгача, ноодатий дизайнга эга бўлса‐да, ҳеч бири шон‐шуҳрат борасида Бильбао Гуггенҳайм музейи билан беллаша олмасди.

Бинонинг олд қисми ҳар қадамда шаклини ўзгартириб, ҳар томондан ўзгача қиёфа касб эта бошлади ва профессор кўз ўнгида музейнинг энг жозибадор кўриниши намоён бўлди: ажабланарлиси, азим иморат бамисли "чексизлик"нинг улкан кўрфазида сузиб юрар, тўлқинлар музей деворларини ювиб турарди.

Лэнгдон бетакрор гўзалликдан маст бўлиб, бир муддат завқ ила қараб турди, сўнг шаффоф сув тўла кўлни митти осма кўприк орқали кесиб ўта бошлади. Унинг ярмига етганда оёқлари тагидан вишиллаган баланд овоз эшитилди. У чўчиб тушди ва таққа тўхтади. Кўприк остидан қуюқ тутун уюми кўтарилиб, уни ўраб олди. Аввал сув юзасини, сўнг бино атрофини қалин туман қоплади.