Дэн Браун – Ибтидо (страница 12)
Лэнгдон шогирдим ҳазиллашяпти, деб ўйлади, аммо Эдмонднинг қиёфаси ҳамон жиддий эди.
– Ишонмаяпсиз‐а? – деди Эдмонд. – Агар кашфиётимни Дарвин назариясига қиёсласам‐чи?
– Иккиси ҳам бир, – жилмайди Лэнгдон.
– Яхши, ундай бўлса айтинг‐чи, бутун тарихимиз давомида инсониятнинг ўзига берадиган икки асосий саволи нима?
Профессор ўйланиб қолди.
– Ҳмм… Менимча саволлар:
– Мутлақо тўғри. Айтганларингизнинг иккиси ҳам битта савол саналади. Иккинчи савол эса биринчисининг мантиқий давоми сифатида “Биз қаердан пайдо бўлганмиз?” эмас… балки…
– “Бизни олдинда нима кутмоқда?”
– Айнан шундай! Мана шу икки жумбоқ инсон тажрибасининг асосини ташкил қилади. Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Бизни олдинда нима кутмоқда? Инсоният ибтидоси ва инсоният тақдири – умумбашарий жумбоқдир, – Эдмонд кўзларини катта‐катта очиб, хавотир билан Лэнгдонга қаради. – Роберт, менинг кашфиётим… иккала саволга аниқ жавоб беради.
Лэнгдон иложи борича Эдмонднинг оғзидан чиққан жумлаларни тушуниб, мағзини чақишга уринарди.
– Мен… нима дейишни билмайман, рости…
– Бирор нарса дейишга ҳожат йўқ. Бу масалани тақдимотдан сўнг бафуржа муҳокама қилишга вақтимиз бўлади ҳали. Айни дамда мени бошқа нарса – кашфиётимнинг эҳтимолий салбий оқибати ташвишга солмоқда.
– Қандайдир кўнгилсизлик бўлишидан чўчияпсанми?
– Бунга шубҳам йўқ. Иккала жумбоққа жавоб топиш орқали асрлар давомида қарор топган диний таълимотлар билан ихтилофга киришдим. Инсон ибтидоси ва инсон тақдири ҳақида гапириш анъанага кўра, динларнинг томорқаси бўлиб келган. Мен эса бегона ҳудудга бостириб кирдим. Дунё динлари мен эълон қилмоқчи бўлган нарсани бағрикенглик билан қабул қилмаслиги кундек равшан.
– Шошма, демак, ўтган йили Бостондаги тушлик устида дин ҳақида гапириб, нақ икки соат бошимни қотирганинг бекорга эмас экан-да? – сўради Лэнгдон.
– Шундай. Эсингизда бўлса, бизнинг асримизда барча диний тўқималар илмий кашфиётлар сабабли бутунлай йўқликка маҳкум этилади, деб сизга ваъда бергандим.
– Ёдимда, Эдмонд. Сенинг фикрингга қарши чиқиб, дин минг йиллардан бери илм‐фандаги мислсиз кашфиётларга бардош бериб келаётгани ва у жамиятда муҳим аҳамиятга эга эканини айтгандим. Албатта, динлар ҳамиша ўзгариб келган, ўзгаришда давом этади, лекин ҳеч қачон ўлмайди.
– Шундай. Мен ҳам сизга илмий ҳақиқатларни юзага чиқариш орқали барча динларни Ер юзидан супуриб ташлаш ҳаётимдаги ягона мақсадга айланганини таъкидлагандим.
– Ҳаа, қаттиқ гапиргандинг.
– Ўшанда менга агар қачондир диний таълимотларни рад қиладиган ёки уларга мос келмайдиган “илмий ҳақиқат”ни кашф қилсам, уни бирорта диний олим билан муҳокама қилишим зарурлигини маслаҳат бергандингиз. Бунинг натижасида фан ва дин кўпинча бир ҳикояни икки тилда айтишини англашим мумкинлигини айтгандингиз.
– Худди шундай. Олимлар ва диндорлар оламнинг айни бир хил сирларини тасвирлашда турли луғатлардан фойдаланишади. Улар орасидаги ихтилоф одатда модда эмас, маъно сабаб вужудга келади.
– Мен маслаҳатингизга амал қилдим, Роберт, – давом этди Кирш. – Ва диний раҳнамоларга кашфиётимни ошкор этдим.
– Нима?
– “Дунё динлари парламенти” ҳақида эшитганмисиз?
– Бўлмасам‐чи! – Лэнгдоннинг динлараро муносабатларни йўлга қўяётган “Дунё динлари парламенти”га ҳурмати баланд эди.
– Бу йил, тасодифни қарангки, Парламент ўзининг йиғилишини Барселона ташқарисидаги Монсеррат Аббатлигида ўтказди. У ергача уйимдан атиги бир соатлик йўл эди.
– Хуллас, Парламент йиғилиши айнан мен илмий янгилигимни эълон қилишни режалаган вақтимга тўғри келиб қолди. Ўйладимки…
– Бу Парвардигорнинг инояти дебми?
Кирш кулиб юборди:
– Шунга ўхшаш. Кейин улар билан боғландим.
– Бутун Парламентга мурожаат қилдингми? – ҳайратда сўради Лэнгдон.
– Йўқ, албатта. Бу жуда хавфли бўларди. Ўзим эълон қилмагунча кашфиётим тарқалиб кетишини истамадим. Шунинг учун фақат учта диний раҳнамо – насронийлик, ислом ва яҳудийликнинг биттадан вакили билан учрашув белгиладим. Тўрталамиз махфий кутубхонада йиғилдик.
– Наҳотки, сени кутубхонага қўйишган бўлса? – Лэнгдон ҳайратланди. – У ерга ташқаридагилардан ҳеч кимнинг қадами етмайди, деб эшитгандим.
– Мен шунчаки ҳеч қандай телефон, камера ва гувоҳларсиз учрашув жойи белгилашни сўрагандим, мени кутубхонага олиб боришди. Янгиликни етказишдан олдин уларни барча айтганларимни сир сақлашга қасам ичирдим. Шу бугунгача учала раҳнамо кашфиётимдан бохабар ягона одамлардир.
– Қизиқ. Хўш, янгиликни улар қандай кутиб олди?
– Кўнгилдагидек эмас, шекилли, – Кирш хижолат тортиб қизарди. – Мени биласиз‐ку, Роберт, тезда қизишиб кетаман. Мендан ҳеч қачон яхши дипломат чиқмаган.
– Биламан, биламан. Умуман олганда, ҳиссиётларни жиловлаш машғулотлари халал бермасди сенга, – кулиб жавоб қайтарди Лэнгдон.
– Тарки одат амри маҳол, дегандек, – сўзлашда давом этди Кирш, – раҳнамолар билан суҳбатимни ҳақиқатни дангал айтишдан бошладим. Яъни динларни оммавий иллюзиянинг бир тури деб ҳисоблашимни, миллиардлаб ақлли кишилар тўғри йўлни топиш ва хотиржамликка эришиш учун эътиқодларга суянишини олим сифатида умуман тушунмаслигимни айтдим. Шунда раҳнамолар ҳурматимиз деярли йўқ бўлса, нега ёнимизга гаплашгани келдингиз, деб сўрашди. Мен оддийгина қилиб, уларнинг кашфиётим тўғрисидаги фикрларини билмоқчилигимни баён қилдим. Шу орқали оммага овоза қилганимдан сўнг дунё диндорлари уни қандай қабул қилишини аниқламоқчи эканимни таъкидладим.
– Ҳақиқий “дипломатча” ёндашув, – деди Лэнгдон кулгидан кўзлари қисилиб. – Ҳақиқатни айтиш доим ҳам тўғри сиёсат эмаслигини биласан‐ку?
Кирш эътиборсиз қўл силтади:
– Диний қарашларимни ҳеч қачон яширмаганман. Раҳнамолар самимийлигимни қадрлашади, деб умид қилгандим. Чучварани хом санабман. Хуллас, кейин мен уларга ишимни намойиш қилдим, нимани кашф қилганимни ва кашфиётим қандай қилиб ҳамма нарсани ўзгартириб юборишини ипидан‐игнасигача тушунтирдим. Ҳатто телефонимни олиб, баъзи видеоларни кўрсатдим. Тан оламан, видеолар бироз этни сескантирадиган эди. Раҳнамолар тилини ютиб юборгандек, бир сўз айта олишмади.
– Наҳотки, бир оғиз ҳам гапиришмаган бўлса? – Киршнинг кашфиётига Лэнгдоннинг қизиқиши ортиб бораётганди.
– Рости, қизғин баҳс кутгандим, аммо анави насроний роҳиб қолган иккитасининг оғзини ёпиб, дамини чиқармай қўйди. У кашфиётни эълон қилишни қайта ўйлаб кўришга ундади. Мен бу ишни келаси ойга мўлжаллаганимни айтдим.
– Ия, келаси ой? Ахир, сен бугун эълон қилмоқчисан‐ку?
– Шунақа қилишимга тўғри келди. Раҳнамолар ваҳима қилиб, ишимга халал бермаслиги учун уларга янгилик баёноти бир неча ҳафтадан сўнг бўлади, деб қўя қолдим.
– Бугунги тақдимотдан улар хабар топса‐чи? – сўради Лэнгдон.
– Бундан ажабланишмаса керак. Айниқса, улардан бири, – Кирш кўзларини Лэнгдонга қадади. – Учрашувимизни ташкиллаган епископ Антонио Вальдеспино эди, уни танийсизми?
Лэнгдон ўйланиб деди:
– Мадридликми у?
Кирш бош силкиб, тасдиқлади:
– Худди ўзлари.
– Бу йил Вальдеспино Парламент йиғилишига мезбонлик қилди, – изоҳ берди Кирш. – Шу боис учрашув тўғрисида унга мурожаат қилдим. Вальдеспино юзма‐юз кўришишни таклиф этди, мен эса ўз навбатида ислом ва яҳудийликдан биттадан вакил чақиришини сўрадим.
Юқоридаги чироқлар учинчи марта ўчиб‐ёна бошлади.
Кирш чуқур хўрсинди, овозини янада пастлатиб давом этди:
– Роберт, намойишим олдидан сиз билан гаплашмоқчи бўлганимга сабаб, сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман ҳозир. Нима деб ўйлайсиз, епископ Вальдеспино хавфли бўлиши мумкинми?
– Хавфли? – ажабланди Лэнгдон. – Қайси маънода?
– Кўрсатган нарсаларим унинг дунёсига таҳдид солади. Шунинг учун сиздан сўраяпман: Вальдеспино менинг ҳаётимга хавф солишга қодирми?
Лэнгдон дарҳол бош чайқади:
– Мутлақо! Вальдеспинога нима деганингни аниқ билмайман… Албатта, у испан католик черковининг муҳим таянчи, испан қироллик оиласи билан яқин алоқалари унинг нуфузини янада оширади. Аммо биринчи ўринда у – роҳиб, қотил эмас. Вальдеспино сиёсий кучга эга, одамларни сенга қарши қўйиб, ваъз ўқиши мумкин. Бироқ сенга жисмонан зарар етказади, деб ўйламайман.
Кирш унча ишонмади:
– Монсерратни тарк этаётганимда менга қанақа қараганини сиз кўрмадингиз-да. Нақ еб қўйишга тайёр эди.