Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 32)
Тонг отиб, гуллаган водий юзидан қора парда кўтарилганда мен ўша кенг дала ўртасида севишган икки ёшни кўрдим.
Улар менга ҳеч назар солмасалар ҳам кўз остидан қараб, сеҳрлангандек эргашиб борардим. Севишганлар мен билан иши бўлмай, фақат менигина эмас, балки бутун борлиқни ҳам унутиб юборгандек, жонга ором берувчи куй оқимида чайқалиб, бир-бирига термилишиб секин боришарди. Назаримда, Дониёр билан Жамила бутунлай бошқача бўлиб қолгандек эди.
Булар мен илгари кўрмаган-билмаган қандайдир янги, бахти кулиб боққан кишилар эди.
Ҳа, уларнинг бири кўзи қоронғида ўтдек ёниб, эски кўйлагининг ёқасини очиб юбориб, дала-даштга янгроқ куй таратиб бораётган Дониёр эди.
Ҳа, иккинчиси, Дониёрга эркаланиб жимгина ўтирган менинг янгам Жамила эди! Унинг киприкларида севинч ёшлари милтирар, юзида бахт нури порлар эди.
Чинакам бахт шу эмасми? Дониёр ўзидаги она Ватанга, ёруғ дунёга бўлган оташин, юксак меҳр-муҳаббатини ҳам, ана шу улуғ севги туғдирган дилрабо куйни ҳам Жамилага тортиқ этди. У Жамила учун, Жамила ҳақида куйларди. Ахир бахт дегани шу эмасми?! Уларга юрагимдан бахт-саодат тиладим. Дониёрнинг куйлари мени яна ҳаяжонга солди-да, бирдан, кутилмаганда миямга ғалати бир фикр келди: «Мен уларнинг суратини чизаман!» – дедим ўзимча ва гўё нодир бир нарса топиб олгандай ўзимда йўқ суюниб кетдим. Лекин шу заҳоти ўз фикримдан ўзим чўчиб кетдим: «Бу иш менинг қўлимдан келармикин, эплай олармикинман?» Лекин орзу-истак қўрқувдан кучли келди. «Ҳа, мен уларнинг суратини албатта чизаман, мен уларни худди ҳозиргидек бахтиёр қилиб тасвирлайман!» – дердим.
Мен шундай ширин орзу-хаёллар оғушида маст бўлиб, атрофга назар ташлар эканман, август туни кўзимга яна ҳам гўзал кўриниб, дала гуллабяшнаётгандек бўлиб туюларди. Орзу-ниятимга худди ҳозир етадигандек бўлардим. Лекин энди билсам, ўшанда жуда ғўр, ёш бола эканман, келажакда қанчадан-қанча қийинчиликларга дуч келишимни билмаган эканман. Мен ўзимга, она Ерни Дониёр кўзи билан кўра билиш, Дониёр қалби билан сева билиш керак, дердим. Мен унинг ажойиб ашулаларини бўёқлар ёрдамида ҳикоя қилиб бераман. Менда ҳам ўша тоғлар, далалар, майсазорлар, булутлар, дараларнинг жонли тасвири берилади. Бунинг учун жуда катта маҳорат кераклигини ўйламай, «бўёқларни қаердан олсам экан, мактабдан сўрасам беришмас, ахир ўзларига керак-ку!» – деб ташвишланиб юрардим. Энди билсам, ўшанда чучварани хом санаб, болалик қилиб юрган эканман.
Дониёрнинг ашуласи нима учундир бирдан узилиб қолди. Бундай қарасам, Жамила Дониёрни маҳкам қучоқлаб, уни бағрига босиб олган экан. Бироқ шу заҳотиёқ нимадандир чўчигандек тисарилиб, аравадан сакраб тушди. Дониёр шошиб қолганидан тизгинни тортиб аравани тўхтатди. Жамила тескари қараганича йўлнинг қоқ ўртасида серрайиб туриб қолди, сўнг бошини шартта бурди-да, йиғи аралаш:
– Нега қарайсан? Менда нима ишинг бор? Қарама менга, аравангни ҳайда, жўна! – деди-да, орқада қолган араваси томон кетди. Мен лол бўлиб, оғзимни очиб қолган эканман, янгам мени ҳам койиб берди:
– Хўш, сен-чи, сен нега анграйиб турибсан, аравангга мин! Бошимга битган бало бўлдиларинг-да!
«Қизиқ, унга нима бўлди, чап ёнидан турганми», – деб ўйлардим йўл-йўлакай. Албатта чуқурроқ ўйлаган одам Жамиланинг ростдан ҳам изтироб чекаётганини изоҳсиз ҳам тушунар эди: кўз очиб кўрган эри Саратов госпиталларидан бирида ётса, яқинда қайтиб бораман, деса, ахир бу осон гапми? Мен ҳеч нарса тўғрисида ўйлагим келмасди. Мен ўзимдан ҳам, Жамиладан ҳам хафа бўлдим, агар Дониёрнинг бундан кейин ашула айтмаслигини, унинг овозини бошқа эшитмаслигимни аниқ билсам, Жамиладан бутун вужудим билан нафратланган бўлардим.
Ҳозир ўлгудек чарчаб, кўнглим негадир ғаш бўлиб, тезроқ хирмонга етиб, сомонга чўзилсам дердим. Арава тинмай силкиниб, тинкани қуритар, тизгин қўлимдан чиқиб-чиқиб кетарди. Хирмонга етиб келганимизда бир амаллаб отларнинг хомутларини ечдим-да, уларни араванинг тагига ташлаб, кейин сомон ғарами устига бориб чўзилдим. Ўша кеча отларни Дониёр тушовлабди.
Лекин эрталаб жуда хурсанд бўлиб турдим, кўнглим мусаффо тонг сингари равшан, қувончга тўла эди. Ҳа, мен Жамила билан Дониёрнинг суратини чизаман. Лекин «Ўхшата олармикинман?» – деган гумон бутун миямни чулғаб олган эди. Кўзимни юмиб, уларни қандай тасвир қилмоқчи бўлсам, ана ўшандай тасаввур этдим. Ўрнимдан ирғиб турдим-да, каттакон сой бўйига тушиб, қўлбетимни ювдим. Кейин ўтлоққа тушовланган отларни кўздан кечирдим. Эрталаб шудринг тушган муздек беда оёқларимни савалаб, тиззамгача шилта ҳўл қилганди. Лекин мен буни писанд қилмай, олдинга чопиб борар, теварак-атрофдаги ҳар бир нарсани синчиклаб кўздан кечирар, ёдимда сақлаб қолишга уринар эдим. Мана, қуёш тоғ орқасидан кўтарилиб келар, ариқ бўйидаги ёлғиз кунгабоқар эса унга томон бўй чўзарди. Уни какралар ўраб олган, бироқ кунгабоқар бўш келмай кўкка интилар, сариқ гулли бошларини мағрур кўтариб, қуёш нурини симирарди. Мана, ариқнинг арава ўтган жойидан – ғилдираклар изидан сув жимирлаб оқмоқда. Сув ўртасида кўкариб турган бинафшаранг ялпиздан атрофга муаттар ҳид тараларди.
«Қани энди рассом бўлсаму, мусаффо гўзал тонгни, кўк билан ўпишган азамат тоғларни, шудринг қўнган кўм-кўк бедазорни, ариқ бўйидаги бир туп кунгабоқарни суратга солсам!»
Бироқ хирмонга келишим билан бу ширин хаёлларимдан асар ҳам қолмай, кўнглим ғаш бўлди. Афтидан, Жамила ўтган кечаси ухламай чиққан бўлса керак, кўзлари киртайиб, қовоғидан қор ёғиб турарди. Менга у ҳеч нарса демади, қайрилиб қарамади ҳам. Хирмонга бригадир Ўрозмат келиб, энди отидан тушаётганида, Жамила унинг ёнига борди-да, салом-алик ҳам қилмай, томдан тараша тушгандек гапириб қолди:
– Аравангизни олинг! Қаёққа юборсаларинг ҳам майли, лекин станцияга ғалла ташимайман!
– Ие, сенга нима бўлди, Жамилахон, жин тегдими? – деди Ўрозмат ҳазиллашиб.
– Жин теккани йўғу, лекин бормайман дедимми, бормайман.
Ўрозматнинг жаҳли чиқди:
– Бу гапингни қўй, ғалла ташийсан, вассалом! – деди у қўлтиқтаёғини ерга дўқ эткизиб уриб. – Агар биров хафа қилган бўлса, айт, мана шу таёғим билан гарданига бир туширай. Бўлмаса, ишингга жўна. Ғалла менга эмас, фронтга керак, эринг ҳам фронтда-ку.– Бригадир жаҳл билан шартта бурилди-да, тез-тез одимлаб кетди.
Жамила ғинг деёлмай, қўлидаги қамчинини ўйнатиб, айбдор одамдек, қизарганича туриб қолди. Бериги ёқда турган Дониёрни кўрди-ю, сир бой бермай, оғир хўрсиниб қўйди. Дониёр ҳамма гапни эшитди-ю, лекин сездирмади. У тескари қараганча хомут ипларини қаттиқ тортиб боғлай бошлади. Жамила ҳам хирмон ўртасида бирпас турди-да, сўнг: «Э, нима бўлса бўлар», дегандек қўл силтаб араваси томон кетди.
Ўша куни биз овулга ҳар кунгидан барвақт қайтдик. Чунки бораётганда ҳам, келаётганда ҳам Дониёр отларини зовталаб ҳайдаб борди. Жамила ғамгин, гапирмас эди. Мен қақраган бийдай далани кўриб кўзларимга ишонмасдим: ахир куни кеча у худди афсоналарда тасвирлангандек гуллаб-яшнаб турганди-ку… Кечаги ажойиб манзара, Дониёр билан Жамиланинг аравада ёнма-ён ўтирганлари сира кўз ўнгимдан кетмас эди. Гўё ҳаётнинг энг гўзал бир лавҳасини қўлимда ушлаб тургандек бўлардим. Ўша ажиб бир лавҳа бутун фикр-ёдимни банд қилган эди. Ўйлаган мақсадимга етмагунимча жоним тинчлик топмайдигандек эди. Хирмондаги ҳисобчининг бир варақ қалин қоғозини ўғирлаб олиб, ғарам орқасига яшириб, ғалла совурадиган курак устига қўйганимда юрагим чиқиб кетаётгандек дукиллаб бўғзимга тиқилди. Отам мени биринчи марта от устига мингизгандаги каби «Бисмилло!» дедим-да, қаламни қоғозга теккиздим. Ана-мана дегунча Дониёрнинг қиёфасини қоғозга чиза бошладим. Лекин бу ҳали мукаммал бўлмаган, шунчаки ўргамчикка чизилган сурат эди. Лекин Дониёрнинг қомати ўзига анча ўхшай бошлаганида бошим кўкларга етиб, у ердалигимни, нима иш қилаётганимни ҳам унутиб қўйдим. Ўша август туни, ястаниб ётган бепоён дала қоғоз бетида жилолангандек, Дониёрнинг дилрабо куйи ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглаб тургандек бўлди. Кўз ўнгимда солдатча кўйлагининг ёқаси очиқ Дониёр билан унинг елкасига бош қўйган Жамила гавдаланди. Бу менинг умримда биринчи марта чизган мустақил суратим эди! Мана арава, мана ёнма-ён ўтиришган Дониёр билан Жамила, мана, бўш ташлаб қўйилган тизгинлар, мана, қоронғида сағриси зўрға кўриниб йўртиб бораётган отлар, ундан нарида бийдай дала, узоқ-узоқларда юлдузлар милтиллайди… Ишга шунчалик берилиб кетибманки, кимнингдир тепамга келиб жаҳл билан қичқирганидан ҳушимга келдим. Қарасам, Жамила экан:
– Нима бало, кар бўлиб қолдингми?
У мени излаб юрган экан, шошганимдан суратимни беркитишга ҳам улгуролмай қолдим.
– Буғдойни аллақачон юклаб бўлдик, бир соатдан бери қичқирамиз-а, овозинг чиқса-чи!.. Қўлингдаги нима? – деб Жамила суратни мендан тортиб олди ва: «Бу нима қилиқ!» – деб авзойи бузилиб, қоғозга термилганича қолди.
Ўшанда хижолатдан жуда мулзам бўлдим. Жамила суратга узоқ тикилиб турди-да, кейин ёшланган кўзлари билан менга маъюс боқиб:
– Шуни менга бергин-а, кичкина бола! – деди у секингина. – Сендан менга ёдгор…
Жамила сурат солинган қоғозни икки буклаб қўйнига солиб қўйди.
Биз йўлга чиқиб овулдан анча узоқлашиб кетгунча ўзимга кела олмадим. Қалбимни шу қадар тўлқинлантирган ўша лавҳани чиндан ҳам қоғозда акс эттира олдимми ёки бу бир туш – хаёлми, деб гумонсирадим. Лекин шундай бўлса ҳам қалбимнинг чуқур бир жойида чизган суратимдан фахрланиш ҳисси уйғониб, юрагим севинчдан тўлиб-тошар, яқинда бўёқ топсам, жуда кўп суратлар чизиб мактабга илиб қўярдим, деган ширин хаёллар мени маст қиларди. Энди билсам, бу болаликка хос бир фазилат экан. Мен ўз хаёлларим билан банд бўлиб, жуда тез кетаётганимизни ҳам пайқамабман. Чунки олдинда бораётган Дониёрдан орқада қолмайлик, деб Жамила отларга устма-уст қамчи урарди. Кейинги пайтларда Дониёр аравасини ҳар қачонгидан ҳам тез ҳайдайдиган бўлиб қолганди.